March 12

Яқин Шарқда уруш авж олди: Эрон АҚШ базаларига зарба

Яқин Шарқдаги кескин вазият 12 мартга келиб янада мураккаблашди. Турли манбаларга кўра, Исроил ва АҚШ томонидан Эрон ҳудудидаги бир қатор объектларга зарбалар давом эттирилган бўлса, Эрон ва унинг минтақадаги иттифоқчилари ҳам жавоб ҳужумларини кучайтирган. Ҳужумлар фақат ҳарбий нишонлар билан чекланмай, нефт инфратузилмаси, танкерлар ва минтақадаги АҚШ объектларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Айрим хабарларда коалиция кучлари Эронда Ислом инқилоби посбонлари корпуси объектлари билан бирга полиция бўлинмалари ва айрим блок-постларга ҳам зарба бергани айтилмоқда. Кузатувчилар бу ҳужумлар ички босимни кучайтириши мумкинлигини айтса, бошқа таҳлилчилар аксинча, ташқи зарбалар Эрон жамиятининг ҳукумат атрофида жипслашишига олиб келаётганини таъкидламоқда. Reuters ҳам Эронда ҳозирча режим қулаши белгилари кўринмаётганини ёзган.

Шу билан бирга, Эрон томонидан ҳам минтақанинг турли нуқталарига дрон ва ракета ҳужумлари уюштирилаётгани хабар қилинмоқда. Хусусан, АҚШ базалари нишонга олингани, Форс кўрфази атрофида хавфсизлик кескин ёмонлашгани, нефть ташувчи йўналишлар эса бозорларда хавотирни кучайтиргани айтилмоқда. Ормуз бўғози атрофидаги хатарлар туфайли нефть нархи юқори даражада қолмоқда.

Қурбонлар сони ошиб бормоқда

Можаро Ливан йўналишида ҳам кескинлашган. Reuters маълумотларига кўра, Исроил Байрут жанубига зарбаларни давом эттирган, «Ҳизбуллоҳ» эса Исроил шимолига юзлаб ракеталар учирган. Ливанда қурбонлар сони 570–600 дан ошгани ҳақида турли маълумотлар бор, болалар орасида ҳам йўқотишлар қайд этилмоқда. Мамлакатда юз минглаб одамлар уйини тарк этган.

Қурбонлар сони бўйича ҳам рақамлар ошиб бормоқда. Турли манбаларга кўра, Эронда ҳалок бўлганлар сони 1,2–1,3 минг атрофида баҳоланмоқда, ярадорлар сони эса 12 мингдан ошгани айтилмоқда. Исроилда камида 13 киши ҳалок бўлгани, минглаб одамлар шифохоналарга мурожаат қилгани хабар қилинган. АҚШ расман минтақадаги 8 ҳарбийнинг ҳалок бўлганини ва тахминан 140 нафар ҳарбий яраланганини маълум қилган.

Шу билан бирга, БАА, Саудия Арабистони, Қувайт, Ироқ, Баҳрайн, Уммон, Иордания ва Қатарда ҳам қурбонлар ва ярадорлар ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Бу рақамларнинг барчаси бир хил даражада мустақил тасдиқланган эмас.

Янги раҳбар яраланди

Бу орада Эроннинг янги диний раҳбари сифатида тилга олинаётган Мужтаба Хоминаийнинг яралангани ҳам расман тасдиқланди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий Италиянинг Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида у яраланганини, бироқ аҳволи оғир эмаслигини айтган. Эроннинг Кипрдаги элчиси Алиризо Салариён ҳам The Guardian’га берган интервьюсида Мужтаба Хоминаий 28 феврал кунги ҳужум пайтида отаси ва оила аъзолари ёнида бўлгани, у оёғи, қўли ва билагидан жароҳат олганини билдирган.

Сиёсий жиҳатдан ҳам муроса аломатлари кўринмаяпти. АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни мағлубият ёқасида деб баҳолаган, аммо бу уруш яқин кунларда тугашини англатмаслигини ҳам билдирган. Эрон расмийлари эса Вашингтон ва Тел-Авив билан фақат маълум шартлар асосида сулҳ муҳокамаси мумкинлигини айтмоқда. Ҳозирча бу позициялар ўртасида яқинлашув кузатилмаяпти.

Шу тариқа, 12 март ҳолатига кўра, Яқин Шарқдаги можаро фақат Эрон ва Исроил ўртасидаги ўзаро зарбалар доирасидан чиқиб, бутун минтақанинг хавфсизлиги, энергетика бозори ва логистика йўлакларига таъсир кўрсатаётган кенг кўламли инқирозга айланиб бормоқда. Майдондаги вазият ва расмий баёнотлар ҳозирча кескинлик тез пасайишидан кўра, ўзаро зарбалар давом этиши эҳтимоли юқори эканини кўрсатмоқда.