Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат пасайиши кутилмоқда
Чоршанбадан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳарорат пасая бошлайди. Ҳаво +34…+37 даража атрофида бўлади. Қорақалпоғистоннинг айрим жойларида 13 август куни ёмғир ёғиши мумкин.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳарорат пасайиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет. 11−12 август кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан кам булутли ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати асосан +38…+40 даража, жанубда +42 даражагача бўлади. Фақат шимоли-ғарбий вилоятларда ва чўл ҳудудларда эртага кундузи ҳарорат 2−3 даражага пасаяди.
13 август, чоршанба куни ҳароратнинг пасайиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Лекин иссиқнинг сезиларли даражада пасайиши иш ҳафтасининг иккинчи ярмида кутилмоқда, бунда республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат +34…+37 даражагача, фақат энг чекка жанубда +40 даражагача пасаяди.
Ушбу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Қорақалпоғистон Республикасида 13 август куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13−18 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 10−12 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат кечалари +21…+23 даража, кундуз кунлари 11−12 авустда +38…+40 даража, 13 августда +36…+38 даража, 14−15 августда +34…+37 даража бўлади.