Айриқиядаги намунали мактаб
Мактаб — инсон ҳаётида ўзига хос ўрин эгалловчи, унинг билимли, тарбияли камол топишида пойдевор бўлиб хизмат қилувчи зиё маскани. Бу ерга таълим-тарбия олиш учун қадам қўйган ҳар бир киши, энг аввало, ўзлигини англай бошлайди, аста-секин фанларнинг қизиқ, сеҳрли оламига қадам қўйиб, билимларни ўзлаштириш орқали бутун борлиқни тушуна боради. Шу жараёнлар натижаси ўлароқ ўз келажагини белгилайди.
Яхши ва сифатли таълим, айниқса, бугунги кунда зарурий эҳтиёжга айланиб бормоқда. Билимлар пойдеворини эса мактаб давридаёқ мустаҳкам қуриш лозим. Оддий мисол: жамиятда қайсидир мавқега эга ёки илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда маълум даражага эришган инсон борки, унинг замирида мактаб таълимининг ўрни беқиёс аҳамиятга эга бўлганини такрор ва такрор таъкидлайди.
Ургут туманидаги 115- умумий ўрта таълим мактабида ана шундай жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Ушбу таълим даргоҳи туман марказидан анча олис бўлган тоғли Айриқия қишлоғида жойлашган. 400 нафарга яқин қишлоқ ёшлари таълим ва тарбия олаётган мактабда устоз ва мураббийлар томонидан ҳар бир фан чуқур ўргатилмоқда. Шунинг натижаси бўлса керак жуда замонавий шарт-шароитлар бўлмасада барча кўрсатгичлар бўйича мактаб тумандаги мактаблар орасида 3 – ўринда туради.
- Мактабимиз тумандаги энг чекка ҳудудда жойлашган мактаблардан бири, - дейди мактаб директори Барот Имомов. – Шундай бўлса мактабимиз барча рейтинг кўрсатгичлари бўйича тумандаги етакчи мактаблардан бири ҳисобланади. Негаки, фан ўқитувчилари ҳар бир ўтилаётган дарс машғулотларига масъулият билан ёндошаётганидан деб биламан. Тўғри ўқувчиларимиз марказ жойлардаги мактабларда яратилганидек шарт-шароитларда таълим олмаётгандир, лекин билим олишга, янгиликларга интилишда тиришқоқ. Ўқитувчиларимиз ҳар бир ўқувчининг қизиқиши, истеъдодига қараб уларни келажак сари етакламоқда. Ўқувчиларимиз олий таълим даргоҳларига киришда ҳам республика миқёсида ўтказилаётган фан олимпиадаларида иштирок этишда ҳам етакчи ўринларда туради. Асосий мақсадимиз эришган натижаларимизни кўз-кўз қилиш эмас, балки шу юрт, Ватан келажаги учун астойдил хизмат қилишдан иборат.
Мактаб ўқувчилари ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилаётган фан олимпиадаларида туман, вилоят ва республика босқичларида юқори натижаларни қўлга киритиб келаётганига гувоҳ бўлдик. Мактаб ўқувчиси Шодиёна Ҳасанова тарих фанидан туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритган. Бундан ташқари мактаб ўқувчилари она тили, адабиёт, тарих ва география фанларидан фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.