Давактив агентлиги “Матбуот уйи” масаласида расмий муносабат билдирди
Аввалроқ “Матбуотчилар уйи”нинг сотуви бўйича хабар эълон қилган эдик. Хабарга Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий муносабат билдирди (https://gov.uz/uz/davaktiv/news/view/44592).
Қайд этишлишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари чиндан ҳам ЎзАга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.
Қарор билан ЎзАга тегишли “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудда замонавий “Медиа шаҳарча” ташкил этилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда “Матбуот уйи” биносида демонтаж ишлари якунига етиб, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда “Матбуот уйи” бино ва иншоотларининг сотилиши назарда тутилмаган ва ЎзА мазкур бинони ягона балансда сақловчиси ҳисобланади.
Шунингдек, “Матбуот уйи” бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудудда қисқа муддатларда замонавий “Медиа шаҳарча” ташкил этилиб, барча даврий босма нашрларнинг таҳририятлари мазкур бинога жойлаштирилади, дейилади хабарда.