January 26

Ижтимоий тармоқ: фикр эркинлиги ниқобида маънавиятни eмирмасин

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Ахборот тезкорлиги, фикр билдириш имконияти, жамоатчилик назорати каби ижобий жиҳатлар бу виртуал маконнинг аҳамиятини янада оширди. Бироқ масаланинг иккинчи — хавотирли томони ҳам борки, у ҳаммани жиддий ўйлантириши керак.

Айтиш мумкинки, бугун айрим ҳолатларда жамият тафаккурини айнан ижтимоий тармоқлар шакллантираётгандек. Аммо афсуски, ушбу чексиз ва назорациз майдонда фикр билдириш маданияти, масъулият ва қонунчилик меъёрлари кўпинча эътибордан четда қолмоқда. Натижада кимдир ўзини “блогер”, кимдир “фаол” деб атаб, таҳлилсиз, далил-исбоциз, баъзан эса очиқ ҳақорат ва туҳматлар орқали жамоатчилик онгига таъсир ўтказмоқда.
Энг ачинарлиси, бундай чиқишлар жамиятнинг маълум қатлами томонидан қўллаб-қувватланиб, “лайк” ва изоҳлар орқали оммалаштирилмоқда. Бу эса масъулияцизликни рағбатлантириш, маънавий чегараларни буткул йўққа чиқариш билан баробар. Аслида эса бундай ҳолатларнинг келажак авлод, айниқса, ёшлар тарбиясига қандай салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида деярли бош қотирилмаяпти.
Ёшлар виртуал маконда кўраётган ва ўқиётган ҳар бир сўзни ҳаёт меъёри, ҳақиқат мезони сифатида қабул қилиши мумкин. Демак, ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир масъулияциз чиқиш — бу фақат бир шахснинг гапи эмас, балки бутун жамият маънавиятига урилаётган зарбадир.
Айрим блогерлар томонидан муайян ҳудудларда содир бўлган воқеаларни жамоатчиликка олиб чиқиш жараёнида муаммони ҳал этиш, ҳақиқатни аниқлаш эмас, балки шов-шув, обрў ва кузатувчилар сонини ошириш мақсади устувор бўлаётгани сир эмас. Маънавият, ахлоқ, маърифат каби муқаддас тушунчалар унутилмоқда. Оғиздан чиқадиган ҳар бир сўз миллат шаъни, инсон қадр-қимматига қандай таъсир қилишини ўйлаб кўриш эса кимнингдир ҳаёлига ҳам келмаяпти.
Бундан ҳам ташвишли ҳолат — ижтимоий тармоқларда гуруҳларга бўлиниш, бир-бирини ҳақоратлаш, шахсий ҳаётга оид маълумотларни ошкор этиш ҳолатларининг авж олаётганидир. “Фаоллик” ниқоби остида амалга оширилаётган бундай ҳаракатлар аслида жамиятни бирлаштиришга эмас, балки уни пароканда қилишга хизмат қилмоқда. Агар фаоллик шу бўлса, ундай “фаоллик”нинг жамиятга фойдасидан кўра зарари кўпроқ.

Бу борада жамоатчилик орасида ҳам кескин фикрлар билдирилмоқда. Жумладан, Баҳодир Жонузоқов шундай дейди: “Ижтимоий тармоқлар аввало одамларга тезкор ва ишончли ахборот бериш манбаи бўлиши керак. Аммо айрим фаоллар томонидан кўтарилаётган масалалар ғийбат ва шов-шувдан бошқа нарса эмас. Фарғона вилояти Фурқат туманидаги бир мактаб директори ва солиқ идораси раҳбари ҳақида тарқалган гап-сўзлар айрим блогерларнинг даханаки жангига айланиб кетди. Бу нима деган гап. Ижтимоий тармоққа кирсангиз фақат шу мавзу. Ижтимоий тармоққа чиқишдан олдин ҳар бир инсон айтмоқчи бўлган гапини чуқур таҳлил қилиши шарт. Чунки ҳар биримиз оиламиз, фарзандларимиз ва жамият олдида масъулмиз.”

Ҳақиқат шундаки, ҳар бир сўз — бу жавобгарлик. Айниқса, минглаб инсонлар ўқийдиган ва кўрадиган ижтимоий тармоқларда айтилган сўзнинг таъсири анча кенг бўлади. Фикр эркинлиги деган тушунча ҳақорат, туҳмат, шахсий ҳаётга аралашиш билан аралашиб кетмаслиги керак. Акс ҳолда бу эркинлик эмас, балки беқарорлик манбаи бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар — бу катта имконият, аммо у билан бирга катта масъулият ҳам юклайди. Бу майдон жамиятдаги муаммоларга ечим излаш, очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, маърифат ва ахборот тарқатиш учун хизмат қилиши лозим. Агар у маънавиятни емирувчи, адоват ва ишончсизлик уруғини сочувчи воситага айланса, бунинг оқибати оғир бўлади.
Шу боис ҳар бир фойдаланувчи, ҳар бир блогер аввало ўз сўзининг маънавий, ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида ўйлаши шарт. Чунки жамиятни виртуал тармоқ эмас, балки онгли, масъулиятли ва маънавиятли инсонлар бошқариши керак.


Шухрат ҚАРШИЕВ, Журналист