January 3

"АЙМАТ" ДА ВАТАНПАРВАРЛИК МАДҲИ

Яқинда Қўшробот туманининг "Аймат" қишлоғида жойлашган 27-умумтаълим мактабида мамлакатимизда ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.

Тадбирда тумандаги 3, 4, 17, 23, 25, 31, 60 ҳамда 79-умумтаълим мактаблари ўқувчилари ЧҚБТ раҳбарлари бошчилигида иштирок этдилар. Шунингдек, мазкур тадбирда “Тоз” маҳалласи ва қўшни маҳаллалар фаоллари, Каттақўрғон шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳамда Қўшробот туман Мудофаа ишлари бўлими ходимлари ва Жанубий ғарбий махсус округда фаолият юритувчи польковник Бобур Қўшматов қатнашди.

Давлатимиз мадҳияси ижроси билан бошланган ушбу тадбирда ёши улуғ, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийларимиз ҳамда ҳарбийлар томонидан ёшлар қалбида ҳарбий ватанпарварлик туйғусини ошириш мазмунига доир маърузалар қилинди. Бундан ташқари ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанг санъати намойиш этилди ва ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил қилиниб, уларнинг техник-тактик хусусиятлари ёшларга атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, ҳарбий оркестр чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.


Мазмунан бой кечган мазкур тадбир ёшлар руҳиятида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда миллий армиямизга ҳурмат руҳини шакллантиришга хизмат қилиши билан беқиёс аҳамият касб этди дейиш мумкин.

Шокир Эргашев, Ваҳоб Болтаев, 25 ва 27-умумтаълим мактабларининг ЧҚБТ раҳбарлари.