Аҳоли муаммолари бизнинг муаммомиз
Бугунги кунда мамлакатимизнинг қай бир гўшасига борманг, катта янгиланишлар, юксалишлар бўлаётганига гувоҳ бўласиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар замирида партиямиздан сайланган депутатларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан белгилаб олинган ғоя ва мақсадлар асосида ишлаб чиқилган дастурларимиз асосида доимий равишда аҳоли билан ҳаммаслак равишда иш олиб бормоқдамиз.
Фуқаролар ҳолидан хабар олиш, халқ орасига кириш, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш масалалари фаолиятимизнинг асосий мезони.
Фаолиятимиз давомида ҳудуддаги Янгиқўрғон ҳамда Навбаҳор маҳаллаларида истиқомат қилаётган аҳолининг кам таъминланган қатламини турмуш шароитини яхшилаш бўйича келиб тушаётган мурожаатлар асосида оилаларнинг ҳолидан хабар олиниб келинмоқда. Ўрганишларимиз давомида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, ҳар бир оила билан уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан суҳбатлар ўтказилиб, аниқланган муаммолар таҳлил этилиб, керакли амалий ёрдамлар кўрсатилиши бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз.
Яқинда тумандаги Янгиқўрғон маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Дилфуза Жўраева иш қидириб кўп жойларга мурожаат қилганлиги, лекин бу муаммосига ечим тополмаётганлигини айтиб бизга мурожаат қилган эди. Ушбу фуқаро билан олиб борилган суҳбат жараёнида уни меҳнатга лаёқатли эканлиги маълум бўлди ва уни шу ҳудудда жойлашган 22-умумтаълим мактабига ишчи сифатида ишга жойлаштирдик. Шунингдек, фуқаро Малоҳат Тўраеванинг оилада ёлғиз боқувчи эканлигини, фарзандлари ёшлигини ижтимоий ёрдамга мухтожлигини маълум қилиб қилган мурожаати ҳам бизнинг аралашувимиз билан масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўзининг ижобий ечимини топди.
Бундан ташқари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнининг жойлардаги ижросини ўрганиш, турли соҳа вакилларининг эришаётган натижалари билан танишиш, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларни ечимини биргаликда топишга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Бу борада иш жадвалимиз асосида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа обьектларига ташриф буюриб ўрганиш ишларини олиб бормоқдамиз. Ҳудуддаги мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишиб келмоқдамиз. Ўтказилаётган Сайёр қабулларимизда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топиш бўйича аниқ режали ишлар олиб бормоқдамиз. Ўйлайманки, халқ бизга ишонч билдириб ўзларига вакил қилиб танлаган экан, албатта бундай юксак масъулиятни бир дақиқага бўлсада унутишга йўл қўйиб бўлмайди. Зеро, ишонч бу энг катта дахлдорлик масаласи.