Европа банки Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун қарийб 200 миллион доллар ажратади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган янги қуёш фотоэлектр станциясини қуришини маълум қилди. Станция ва 75 МВт/соат қувватга эга аккумулятор омборини қуриш ва эксплуатация қилиш учун 195,5 миллион долларгача маблағ ажратилади.
Маълум бўлишича, мазкур станциянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 664 ГВт/соатни ташкил этади, BESS энергия сақлаш тизимининг жорий этилиши эса энергия тизимининг ишончлилиги ва мослашувчанлигини оширади. ЕТТБнинг 141,6 миллион долларгача бўлган кредити ва 25 миллион долларгача бўлган кафолатидан иборат молиявий пакет қайта тикланадиган ва тоза энергия билан шуғулланувчи Masdar глобал компаниясига тўлиқ тегишли бўлган Nur Kashkadarya Solar PV FE LLC махсус лойиҳа компаниясига тақдим этилиши айтилган.
Лойиҳа 2030 йилгача 25 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол энергияси манбаларини яратишни назарда тутувчи ЕТТБ томонидан қўллаб-қувватланадиган қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ҳукумат режасини амалга оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Қуёш электр станцияси қурилиш ишлари якунланганидан сўнг йилига 664 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради, бу миқдор 60 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди ва йиллик CO2 эмиссиясини 400 минг тоннага камайтиради.
Кутилаётган лойиҳа 75 МВт/75 МВт соат қувватга эга батарея энергиясини сақлаш тизимини (BESS) жорий этиб, миллий электр тармоғининг барқарорлигига ҳисса қўшиши мумкин. BESS юқори талаб вақтида қўшимча энергия қувватларини тақдим этиш орқали тармоқнинг ишончлилиги ва мослашувчанлигини оширишга ёрдам беради.