Ҳокимият бинолари ҳам сотилмоқдами?
Тошкент шаҳридаги давлатга қарашли бир неча бинолар аукционга қўйилгани маълум бўлди. Хусусийлаштириш учун асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 июлдаги 429-Ф-сонли фармони келтирилган.
Жумладан, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги биноси ҳам сотувга қўйилган бўлиб, бунда харидор объект негизида замонавий меҳмонхона қуриш ва сотиб олиш тўловларининг дастлабки қисмини бир йўла камида 50 фоиз миқдорида тўлаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шунингдек, мазкур объект Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги томонидан 2025 йил июлга қадар бўшатилгандан сўнг харидор ундан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиши келтирилган.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси биноси, Шайхонтоҳур тумани ҳамда Бектемир тумани Давлат хизматлари маркази ҳам аукционга қўйилган.
Сотув шартларида харидорга биноларни ижарага бериш ёки уларни бузиб, ўрнида муайян турдаги объект қуриш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилмаган.
Бундан ташқари, президентнинг 2025 йил 21 апрелдаги қарори билан 29 та йирик корхона устав капиталидаги акциялар пакети (улушлар) халқаро профессионал консультантлар иштирокида оммавий савдога чиқарилади. Шунингдек, 12 та корхонанинг акциялари халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи (IPO) ёки иккиламчи (SPO) оммавий таклиф орқали сотилиши келтирилган (https://lex.uz/docs/7488166).
Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 29 та стоматология поликлиникаси, жумладан болалар стоматология муассасалари сотувга қўйилиши ҳақда хабар берилган эди.