August 11

Энди хўжалик юритувчи субъектлар айрим шахсларга мажбурий иш ўринлари шакллантиради

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий зўравонликдан жабрланганлар, кам таъминланган оилалар аъзолари, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун мажбурий иш ўринлари захирасини шакллантиради. Бу бўйича меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

2025 йил 1 сентябрдан хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи, ходимлари 50 нафаргача бўлган корхоналарга Face-İD орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишга рухсат берилади. Шу санадан бошлаб давлат меҳнат инспекторлари ўтказадиган текширувлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш тартиби ҳам бекор қилинади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали меҳнат қонунчилиги бузилиши бўйича иш берувчи иштирокисиз электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида иш берувчиларга малакали мутахассис топишда бандлик органлари ёрдам бериш тизими синов тариқасида йўлга қўйилиб, кейинчалик бутун республикага татбиқ этилади.

2026 йил 1 мартга қадар уч босқичли ўқув тизими (видеодарслар, касбга ўқитиш, амалиёт) жорий этилади, назарий қисмни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар амалий босқичга ўтади. Ўқув жараёнларини назорат қилиш ва иш берувчиларга онлайн кузатиш имконияти яратилади.