November 16, 2024

Тафаккур камолоти бугундан бошланади

Мактабгача ёшдаги болажонларни жисмоний жиҳатдан чиниқтириш ва соғлом улғайтиришда улар ёшига мос турли ўйинларнинг аҳамияти катта. Зеро ҳар хил қизиқарли ўйинлар мактабгача ёшидаги боланинг асосий машғулоти ҳисобланади. Aйнан ўйин орқали бола шахс сифатида шаклланиб ривожланади, камол топади.

Мурғак қалб атроф муҳитга, кишиларга, нарсаларга ва ўзига бўлган турли муносабатларни айнан ўйин орқали англайди. Ўйин бола шахсини ҳар томонлама ўстиради ва боладаги психик жараёнлар - сезиш, идрок, хотира, диққат, тафаккур, ҳаёл ва иродани ривожлантиради.

Жорий йилнинг апрел ойидан фаолият бошлаган бизнинг Ургут тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли Навбоғ маҳалласида жойлашган 60 - сон давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиявий жараёнларда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талим даргоҳимизда ҳозирда йигирма нафар ходим ва педагоглар фаолият олиб бормоқда. Юз нафар келажак авлод вакиллари тарбияланаётган ташкилотимизда ўз касбини севувчи ва меҳнати самарасини кўришга иштиёқи баланд мураббийлар ёш авлод камолоти йўлида сидқидилдан меҳнат қилишаётир. Мураббийлар иш фаолиятининг асосий маъно мазмуни тарбияланувчилар интеллект ва жисмоний фаоллигини оширишга қаратилган.

Машғулотлар жараёни

Билим ва интеллектни ривожлантиришга йўналтирилган машғулотлар белгиланган режа ва жадвал асосида ўтказилаётган бўлса, чаққонлик ва топқирлик сингари сифатланувчи турли қизиқарли ўйинлар куннинг қисмларига ажратилган ҳолда олиб борилмоқда. Эрталаб 8 - 10 дақиқа оралиғида кўпроқ дидактик, стол ўйини, босма ўйини, сюжетли - ролли ўйинлар ўйнатилаётган бўлиб, серҳаракатлиликни тақозо этувчи ўйинлар эса кун давомидаги 1 ёки 1 соату 20 дақиқа сайр билан қизиқарли тарзда уюштирилаяпти. Шунингдек болалар онгига энг муҳим ва муқаддас туйғу - ватанга муҳаббат, тўғрилик, ростгўйлик, одоб - ахлоқ, жасурлик ҳамда шу билан биргаликда миллий урф - одатларимиз, қадриятларимиз ҳам ўйин давомида сингдириб бориляпти. Бундан ташқари билим масканида болажонлар нутқини ривожлантириш алоҳида эътиборда.

Нутқ орқали болалар фикр алмашади, ўз ҳис - туйғу, кечинмаларини бир - бири билан ўртоқлашса, равон сўзлашда эса ўзаро дўстона муносабатлар ўрнатиш, теварак атроф, борлиқ воқеликлари ҳақидаги билимларни эрта ўзлаштиришларида муҳим омил ҳисобланади.

Сабина Қодирова,

Ургут туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 60- давлат мактабгача таълим ташкилоти директори.