Йўғон ичак саратонидан эхтиёт бўлган яхши
Ҳозирда кўпчиликни қийнаётган ва тобора ёшариб бораётган хасталик - йўғон ичак, тўғри ичак саратони, яъни, йўғон ичак ҳамда тўғри ичакда ривожланадиган саратон туридир.
Йўғон ичак, тўғри ичак саратонининг аниқ сабаби номаълум бўлса-да, бир қатор хавф омиллари касалликнинг ривожланишига таъсир қилиши мумкин. Йўғон ичак, тўғри ичак саратони одатда 50 ёшдан ошган одамларда кўпроқ учраяпти. Сўнгги маълумотларга қараганда йўғон ичак, тўғри ичак саратонинг ёшариши ҳам кузатиляпти. Оилада, биринчи даражали қариндошларда (ота-оналар, ака-ука, опа-сингиллар, фарзандлар) йўғон ичак, тўғри ичак саратони мавжудлиги авлодларда мазкур касаллик давомийлигини таъминлаши мумкинлиги билан хавфлидир. Баъзи ирсий синдромлар йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфини ошириши мумкин. Улардан энг кенг тарқалгани "Линч синдроми", - деб номланади. Яллиғланишли ичак касаллиги ва сурункали яллиғланишли ичак касаллиги (ярали колит ёки крон касаллиги) бўлган одамларда йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфи юқори бўлади. Йўғон ичак, тўғри ичак саратони белгилари касалликнинг босқичи ва жойлашишига қараб фарқланиши мумкин. Баъзи умумий симптомлар ичаклар фаолиятининг ўзгариши, ич қотиши, диарея ёки ахлатнинг юпқалашиши, катта таҳоратдан қониқмасллик, ёт жисм бор ҳисси каби ичак ҳаракатларида сезиларли ўзгаришлар кабиларда кечса, қон кетиши ахлатда ёки ҳожатхона қоғозида қон кўриниши тарзида намоён бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда қон йўқотиш камқонликга (анемия) олиб келиши мумкин.
Қорин оғриғи ва безовталик доимий ёки такрорий оғриқ, қорин бўшлиғида ноқулайликда; иштаҳанинг йўқолиши ва вазн йўқотиш - тўсатдан вазн йўқотиш, иштаҳа камайиши ёки йўқолишида намоён бўлиб, саратон ҳужайраларининг ўсиши ва танадаги қон йўқотиш чарчоқ ва заифлик туйғусини келтириб чиқариши мумкин. Йўғон ичак, тўғри ичак саратони қандай аниқланади? Йўғон ичак, тўғри ичак саратони ташхиси учун турли усуллар қўлланилади. Буларга қуйидагилар киради: Йўғон ичак, тўғри ичак саратони ташхис қўйиш учун касалликни клиник кўришига қараб анамнезини сўраш керак. Кейинги этап бемордаги клиник кўриниши ва бир неча касалликлар билан дифференциал диогностика қилинади. Беморга умумий қон таҳлили, сийдик таҳлили, биохимик тахлил қилиниб, шубҳа қилинган касалликларни онкомаркерга топширилиши лозим бўлади. Беморда йўғон ичак, тўғри ичак ўсмасига тахмин бўлса капрология, яъни, нажас таҳлили ўтказилади. Нажас тестлари - нажасдаги қон ёки саратон ҳужайраларини аниқлаш учун лаборатория тестлари. Агарда тўғри ичак ўсмасига тахмин бўлганда тўғри ичакни бармоқ билан кўрилади. Тўғри ичакнинг юқори қисми ёки йўғон ичак ўсмасига шубҳа бўлса колоноскопия текшириш ўтказилади. Бу йўғон ичакнинг ички қисмини текшириш учун ишлатиладиган эндоскопик усул. Колоноскопия пайтида ғайритабиий тўқималар ёки ўсмалар аниқланса, шифокор биопсия ўтказиши мумкин. Баъзи ҳолатларда беморда бавосил (гемарой) бўлса концерватив тўғри ичакка шамча тавсия қилинади. Қон кетиш белгилари бўлганда жарроҳлар томонидан оператив даво ўтказишга ошиқади. Лекин колоноскопик текширишсиз оператив давога ёндошмаслик керак. Колоноскопик текширишсиз оператив даво хатоликка олиб келади. Бир неча беморлар оператив ёндошувдан сўнг жарроҳга мурожаат қилишган. Уларнинг шикояти жарроҳлик амалиёти соҳасида оғриқ, ахлат шиллиқ қон келиши давом этаётганлигига лекин жарроҳ томонидан жароҳлик амалиёти соҳасидан келаётган бўлса керак фикрида қайта - қайта концерватив даво тавсия этилади. Беморларда вақт ўтган сайин шикоятлари кучаяди ва колоноскопия ўтказишга мажбур бўлишади. Қарабсизки асосан тўғри ичак юқори қисмида ёки йўғон ичакда ўсма жараёни аниқланади. Йўғон ичак, тўғри ичак саратони тарқалишини баҳолаш учун ишлатиладиган усуллар компьютер томографияси (КТ), магнит - резонанс томография (МРТ), позитрон - эмиссион томография (ПЭТ-КТ) ва ультратовушни ўз ичига олади.
Хўш, йўғон ичак, тўғри ичак саратонини даволаш усуллари қандай?
Йўғон ичак, тўғри ичак саратонини даволаш касалликнинг босқичига, ўсманинг ҳажми ва тарқалишига қараб ўзгаради. Жарроҳлик, кимётерапия, мақсадли терапия, нур терапияси ўтказилади. Жарроҳлик йўғон ичак, тўғри ичак саратони жарроҳлиги саратон тўқимасини олиб ташлашни, шунингдек, лимфа тугунларини олиб ташлашни ўз ичига олиши мумкин. Шу билан бирга онкологик касалликларда беморга жарроҳлик амалиёт қўлланганда лимфа тугунлари олинмаса онкологик ёндашув хатолигидан дарак беради. Яъни, беморга радикал даво ўтказилмаган. Йўғон ичак саратонида асосан жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бошқа аъзоларга тарқалиши қараб даво тактикаси ўзгаради. Тўғри ичак саратонларида ўсманинг босқичига қараб, ўсмадан қон кетиши, ичак тутилиши белгилари бўлмаган холларда оператив даводан олдин кимётерапия, мақсадли терапия, нур терапиясидан сўнг жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Кимётерапия эса дори воситалари орқали саратон ҳужайраларини ўлдириш ёки ўсишини тўхтатишга қаратилган. Кимётерапия одатда операциядан олдин ёки кейин қўлланилади. Радиотерапия - юқори энергияли нурлар ёрдамида саратон ҳужайраларини йўқ қилишга қаратилган. Радиотерапия ўсимтани қисқартириш ёки жарроҳликдан олдин радиатсия терапияси ва жарроҳлик аралашуви билан ўсимтани қисқартириш учун ишлатилиши мумкин. Мақсадли терапия - баъзи ҳолларда саратон ҳужайраларига хос бўлган мутациялар ёки оқсилларга қаратилган дорилар қўлланилиши мумкин. Даволашнинг мазкур шакли саратон ҳужайраларига аниқроқ қаратилган ва соғлом ҳужайраларга камроқ зарар етказади. Йўғон ичак, тўғри ичак саратонининг олдини олиш усулларида йўғон ичак ва тўғри ичак саратонининг олдини олиш учун қуйидаги босқичларга риоя қилиш муҳимдир: Мунтазам скрининг 50 ёшдан ошган шахслар учун мунтазам равишда йўғон ичак, тўғри ичак саратони скрининги тавсия этилади. Ушбу текширувлар саратонни эрта босқичда аниқлаш имконини беради. Баъзи оилаларда ўсма касаллиги билан касалланган ҳолатларда ёш инобатга олинмасдан профиллактик мақсадда текшириш мақсадли деб биламан. Оилада ошқозон ичак тракти саратони билан оғриган одамнинг хавфини оширади. Айниқса, биринчи даражали қариндошларда (ота - оналар, ака - ука, опа - сингиллари, фарзандларида) йўғон ичак, тўғри ичак саратони мавжудлиги хавфни оширади. Баъзи генетик омиллар хам йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфини ошириши мумкин. Профилликтик текширишларда рак олди касалликлари аниқланса (ярали колит, крон, полиплар) беморларда 100% соғломлашади. Соғлом парҳез - етарли миқдорда толалар, сабзавотлар, мевалар ва тўлиқ донларни ўз ичига олган парҳезни қабул қилиш йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфини камайтириши мумкин. Шунингдек, қайта ишланган овқатлар, қизил гўшт ва юқори ёғли овқатлардан воз кечиш керак. Мясников қизил гўштнинг (мол гўшти, қўй гўшти, от гўшти ва бошқалар) ҳаддан ташқари истеъмол қилинишини саратон касаллигининг хавф омилларидан бирига боғлаган. “Бу худди ўша машҳур қизил гўшт: колбасалар, сарделькалар, сосискалар”,-деган Мясников. Мутахассис бу рўйхатга мол гўшти ва қўй гўштини ҳам киритган. Жисмоний фаоллик: мунтазам равишда машқ қилиш йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфини камайтириши мумкин. Ҳафтада камида 150 дақиқа ўртача жисмоний машқлар қилиш тавсия этилади. Чекиш ва спиртли ичимликларни ортиқча истеъмол қилиш йўғон ичак, тўғри ичак саратони хавфини оширади. Шунинг учун чекишни ташлаш ва спиртли ичимликларни чеклаш ўта муҳимдир.
Хулоса қилиб айтганда, йўғон ичак, тўғри ичак саратони эрта аниқланганда даволанса бўладиган касалликдир. Aнемия, чарчоқ, бош айланиши, нафас қисилиши, вазн йўқотиш, бел ва қорин оғриғи — буларнинг бари саратонга ишора қилиши мумкин. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, агар диарея ёки ич қотиши уч кун ёки бир ҳафтадан ортиқ давом этса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Яъни симптомларини сезиш ва мунтазам равишда скрининг текширувларида қатнашиш аҳамиятлидир. Хавф омилларини камайтириш учун соғлом турмуш тарзини танлаш ҳам муҳим. Агар сиз йўғон ичак саратони аломатларидан бирини бошдан кечирсангиз ёки хавф омилларига эга бўлсангиз, керакли тестларни ўтказиш учун шифокор билан маслаҳатлашишингиз зарур.
Шуни алоҳида таъкидлайман, эрта ташхис қўйиш даволанишнинг муваффақиятини ва тикланиш имкониятини таъминлайди.
РИО ва РИАТМ Самарқанд филиали уропроктология бўлими бошлиғи, олий тоифали онкоколопроктолог.