Вазирликка тарбиячилар устидан шикоятлар кўпайгани маълум қилинди
Вазирликка болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётган тарбиячилар устидан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова айни дамда ўқитувчилар билан бўлиб ўтаётган мажлисда маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу ҳолат сабабли, 32 нафар раҳбар ва тарбиячи ишдан олиниб, 3 нафари жавобгарликка тортилган. Жумладан, 15 нафарига интизомий чора кўрилиб, 15 та хусусий боғчанинг лицензияси бекор қилинган.
Шунингдек, мажлисда айрим хусусий боғчаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини бепул қамраб олишга етарлича эътибор қаратилмаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Жумладан, баъзи оилавий боғчаларда давоматни сунъий ошириб кўрсатиш ҳолатлари кузатилган ҳамда таълим ва тарбия жараёнларида давлат ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари учраган.
Хусусан, вазир мажлисда ўтган йилда 7 мингдан ортиқ давлат ва 38 мингдан ортиқ хусусий боғчалар ташкил этилганини, хусусий боғчаларга фаолиятига берилаётган имкониятлар туфайли қамров 77% га ошганини эътироф этди.