Аттестациядан норози ўқитувчилар вазирликни судга берди
Жорий йилнинг 15 апрель санасидан 14 майга қадар педагог ходимлар учун бўлиб ўтган аттестация тест синовлари натижаларидан норози бўлган ўқитувчилар имтиҳонни қайта ўтказишни сўраган. Аммо апелляция комиссияси томонидан деярли бир хил мазмундаги жавоблар олинган. Сўнгра педагоглар томонидан судга даъво аризаси киритилган. Бу ҳақда Халқ таълим инфо ахборот портали хабар берди. (https://xalqtaliminfo.uz/post/1244)
Хабарга кўра, даъво аризасида аттестация жараёнларига оид 9 та эътирозли ҳолатлар келтирилган бўлиб, улардан энг асосий урғу тест саволларининг мураккаблик даражаси белгиланган вақт меъёрига мутаносиб эмаслиги ҳамда саволлар тузиш жараёнида валидлик ва тестология қоидаларига риоя этилмаганлигига қаратилган.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази Апелляция комиссияси томонидан педагогларнинг шикоятлари асосли, ҳуқуқий ва далилий баҳоланмасдан, “асоссиз” дея топилиб, рад этилгани келтирилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига педагог кадрнинг билими нотўғри баҳоланганлиги, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар борлиги, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар бўлганлиги сабабли аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, шунингдек педагогларга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритилди, дейилади хабарда.