Декабрда Ўзбекистонда қандай об–ҳаво кузатилади?
1 декабр куни қор ва 9-10 декабрда эса республиканинг баъзи жойларида ёғингарчилик бўлиб, қолган кунлар нисбатан қуруқ бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар қилди.
Ўзгидромет хизмати агентлиги декабр ойида Ўзбекистонда қандай об–ҳаво бўлиши ҳақида прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, ойнинг биринчи 10 кунлигида Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари −3…+2, кундузлари +3…+8, баъзи жойларда +10 даражагача, шимолда кечалари −3…−8, кундузлари +2…+7 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда.
1 декабрда республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, айрим жойларда қорга айланиши мумкин) бўлади. 2 декабрда айрим тоғли ҳудудларда бироз қор ёғиши кутилмоқда.
Биринчи 10 кунликнинг охиригача (3–8 декабр) Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан қуруқ об–ҳаво кузатилади ва фақат ўн кунлик охирида (9–10 декабр) республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик бўлиши мумкин.
Декабр ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат 0…-5 даражадан +2…+7 даражагача, кундузлари +3…+8 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туради. Ой охирида ҳарорат кечалари −5…−10, кундуз кунлари 0…-5 даражагача пасаяди. Шимолда ҳарорат кечалари −8…−13 даражадан, баъзи жойларда −15…−17 даражадан −3…+2 даражагача, кундузлари −2…+3 даражадан +3…+8 даражагача ўзгариб туради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет қишки прогнозларини ўтган йили октябр ойининг бошида эълон қилган эди. 2024/2025 йил иши учун прогнозлар бироз кеч эълон қилинди. Бу ҳақда Kun.uz’да мақола эълон қилинган эди.