November 26, 2024

ТИББИЁТ ВА ИСЛОҲОТ: Нурободда тиббиёт юксалиш йўлида

Халқимиз саломатлигини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда шифо масканларини энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна, жиҳозлар билан таъминлаш ва бу соҳада юқори самарадорликни таъминлаш юқори босқичда. Бу борадаги ишлар Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ҳам ўзининг ижобий натижаларни бераяпти. Нуробод туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, марказдан анча олисда бўлган мазкур туманда тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишлар, ислоҳотлар самараси хусусида туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдулла Абиев билан мулоқотда бўлдик.

- Бугун Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган даволаш – профилактика муассасалари ҳақида маълумот берсангиз?

- 215 ўринли 1 та марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 3 та ҳудудий бўлим, 3 та оилавий поликлиника ва 14 та оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда уларнинг 27 та филиаллари, шунингдек, 48 та даволаш профилактик муассасалари томонидан аҳолига стационар ва амбулатор йўналишда тиббий хизматлар кўрсатилиб келинмоқда.

- Кейинги пайтларда аҳоли орасида қайси турдаги касалликлар кўпроқ учраяпти ва уларни эрта аниқлаб даволаш ишларини олиб бориш кўлами қай даражада?

- Касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва тегишли тавсияларни бериш мақсадида жойларда тиббий кўрикларни ўтказилиб келиниши натижасида деярли аксарият касалликлар вақтида аниқланмоқда. 2021 йилга нисбатан олиб қаралганда нафас олиш тизимига оид хасталанганлар 11 минг нафарга, овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари қарийб 5 мингга, юрак қон томир касалликлари эса 300 тага кўпайган. Пировардида туман шифохонасида стационар шароитда даволанганлар сони 1 916 нафарга, бирламчи тизимда амбулатор шароитда даволанганлар сони эса 5 454 нафарга ошган. Албатта бу туманда тиббиёт тизимини ишлаётганидан далолат. Чунки тиббиёт ходимлари аҳоли орасига кириб бормоқда. Юқорида келтирилган рақамларнинг ортиши касалликнинг кўпайганлигидан эмас, вақтида аниқланаётганлигини эвазига ошган. Бугунги кунда аниқланаётган барча турдаги касалликлар бўйича зарур даво муолажалари олиб борилмоқда. Туманимизда даволаш имкони бўлган беморларга шу ернинг ўзида зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айримлари вилоятдаги ихтисослаштирилган шифохоналарга йўлланма асосида юборилмоқда.

- Сир эмас, муҳим масалалардан бири кадрлар билан боғлиқ кечади. Ушбу масала ечими қандай бўляпти?

- Саволингиз ўринли. Узоқ йиллар давомида Нуробод тиббиётидаги энг катта муаммоларидан бири малакали кадрлар масаласи бўлган. Бўш иш ўринларини шифокорлар билан тўлдириш борасида охирги 3 йилда туманга жами 26 нафар шифокорлар ишга олинди. Уларнинг 20 нафари олис ва чекка худудларда ишламоқда. Кўп йиллар давомида шифокор бориб ишламаган, аниқроғи, шифокорлар бориб ишлашни хоҳламаган жойларда бугунги кунда бўш иш ўринлари деярли қолмаган десак ҳам бўлади. Перзидентимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда бугунги кунда “Қишлоқ шифокорлик дастури” доирасида 20 нафардан ортиқ шифокорлар туманимизнинг олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Марказий шифохонага жарроҳ, юз жағ жарроҳи, кардиолог, травматолог ва неврапатолог мутахассислари ишга жалб қилинди. Ёш мутахассис кадрларни ишга қабул қилиниши натижасида туманда шу вақтгача жорий қилинмаган даволаш ва ташхислаш усуллари жорий этилмоқда. Шунингдек, тиббиёт ходимларини малакасини ошириш мақсадида режага биноан ўқув семинарлари ўтказилиб бориляпти. Ходимларимиз республика ва вилоят марказларидаги клиникаларда ўқитилиб ўз малакаларини ошириб келишмоқда.

- Беморларнинг вилоят ёки республика шифохоналарига бормасдан туман тиббиёт муассасаларида даво топишлари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланганликга бевосита боғлиқ. Бу борадаги ишлар қандай...

- Сўнгги икки йилда туманда янги 12 та даволаш ва 20 дан ортиқ ташхислаштизими йўлга қўйилди. Бунинг натижасида туман аҳолиси даво излаб бошқа жойларга бориб сарсон бўлиб юришларига барҳам берилди. Марказий шифохона Лопороскопик стойка аппарати билан таъминлаганидан буён кам инвазив операция усули йўлга қўйилган. Ошқозон ва 12 бармоқ ичакни эндоскоп аппарати орқали текшириш, стоматологик рентгени ва визиогроф аппарати, қабул бўлимига рақамли рентген, ЛОР мутахассисларга операция анжомлари, кўп тармоқли марказий поликлиникага флоюрография аппарати, гинеколог хонасига янги кольпоскоп аппарати, шу вақтгача ишлатилмасдан турган эндоскоп, электроэнцефалографи, ЭХО энцефалография, велоэргометрия аппаратлари тўлиқ ишга туширилиб, туман аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бундан ташқари Оқсой, Сарикўл, Нурбулоқ, Сепки ва Ибн Сино оилавий поликлиникаларига жами 5 та энг охирги русумдаги замонавий, янги стоматология аппаратлари ўрнатилди. Шунингдек, электрокоагулятор, жарроҳлик столи, жарроҳлик лампаси, кичик ва катта хирургик тўплам, 3 каллали ЭКГ аппаратлар ҳамда телемедецина аппаратлари олиб келиниши туманда янги ва замонавий даволаш усулларини жорий қилинишига имкон яратди. Марказий шифохонанинг лаборатория бўлими янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганидан сўнг деярли барча турдаги лаборатор текширувлар шу ернинг ўзида амалга оширилиб келинмоқда.

Автомат гематологик анализатор орқали қонда 20 параметрда текшириш йўлга қўйилди. Биохимик анализатор орқали эса 88 турдаги биохимик тахлилларни 10 дақиқада амалга ошириш имкони яратилди. Узоқ йиллар давомида даволанишнинг имконини тополмай юрган мураккаб операцияга муҳтож 200 нафардан зиёд беморларда бюджет маблағлари ҳисобидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб соғломлаштирилди. Шифохонага мурожаат қилаётган беморларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш ва тиббиёт ходимларига қулайлик яратиш мақсадида қабул бўлими кенгайтирилиб, оғир аҳволда келган беморларга шу ернинг ўзида тез ёрдам кўрсатиш имконияти яратилган. Болалар бўлими кенгайтирилиб алоҳида бўлим сифатида иш бошлади. Гемодиалез оладиган беморлар 6 турдаги дори- дармон билан ойма-ой таъминланмоқда.

-Олис ҳудудларда ишлаётган тиббиёт ходимлари шароит тақозосига кўра қандайдир қулайликларга эҳтиёж сезиши бор гап...

- Тўғри. Аҳолиси тарқоқ ва сийрак жойлашган олис ҳудудлардаги қишлоқларда ишлаётган патронаж тиббиёт ходимларимиз учун 10 та электровеликлар ва 354 нафар патронаж ҳамшираларга эса янги тиббиёт сумкаси берилди. 2017-йилда фаолияти тугатилган собиқ Янгиобод, Чўнгқаймиш ва Дукур қишлоқ врачлик пунктлари оилавий шифокорлик пункти сифатида қайта ташкил этилиб, аҳоли учун ҳам тиббиёт ходимлари учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шунингдек, 23 та олис ва чекка қишлоқларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил қилинди. 2021 йилда тиббиёт муассасалари туманимизда 18 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 48 тага етказилди. Бу ўз-ўзидан тумандаги 50 мингдан зиёд аҳолига тиббиёт яқинлаштирилганлини кўрсатмоқда. Аҳолига кўрсатиладиган тез ёрдамни тез ва сифатли бажариш мақсадида 5 та янги “WOLKSVAGEN” автомашинаси олиб келиниб улар Нурбулоқ, Оқсой, Олға, Ибн Сино ва Нурбуд тез ёрдам шохобчаларига берилди.

- Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, даволаш-профилактика муассасаларида қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қилинаётган ишлар кўлами ҳақида ҳам гапирсангиз.

- Жорий йилда марказий шифохонанинг Сазағон ҳудудий бўлимига, Ағрон оилавий шифокорлик пункти, Тим ҳудудий бўлимига ва марказий шифохонанинг маъмурият бўлими учун янги бинолар қурилди. Яқинда юқумли касалликлар бўлимимиз таъмирдан чиқарилди. Ҳозирги вақтда Сепки оилавий поликлиникаси ва реабилитация бўлим учун янги бино қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Тиббиёт муассасаларида муқобил электр энергия ускуналарини ўрнатиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. 9 та маҳалла тиббий пунктларига 4 киловатлик, кўп тармоқли марказий поликлиникага 30 киловатлик қуёш панеллари ўрнатилди. Марказий шифохонага 100 киловатлик, Жом ҳудудий бўлим ва туғруқ мажмуаси учун 50 киловатлик янги генераторлар ўрнатилди. Шунингдек, ҳомийлик ёрдами ўлароқ Тутли маҳалла пунктига Франциянинг "TotalEnergies" компанияси томонидан қиймати 120 миллион сўмлик, қуввати 10 кВат лик аккумулиятор ҳамда қуёш батарияси ўрнатилди.

- Аҳоли саломатлигини асрашда кенг аҳоли қатлами билан соғлом турмуш тарзига риоя этиш тарғиботига қаратиб ўтказиладиган мулоқотлар катта аҳамият касб этади, - десам шубҳасиз фикримиз бир жойдан чиқади...

- Албатта... Ўз соғлиғига жиддий эътибордаги ва тегишли тавсияларга оғишмай амал этган кишилар жуда кам хасталанишади. Хасталанишса ҳам хасталик уларда енгил ўтади. Туман тиббиёт бирлашмаси ходимларидан иборат тузилган соғлом турмушни тарғиб этувчи гуруҳ аъзолари томонидан жойларда мулоқот, учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Аҳоли билан олиб борилаётган соғломлаштириш тадбирлари натижасида ўртача умр кўриш кўрсатгичи 72 ёшдан 74 ёшга узайишига эришилди.

Суҳбатдош Шокир Эргашев,

“Mustaqil” газетасининг махсус мухбири.