October 21, 2025

Тил - миллат юраги, руҳи ва энг улуғ бойлигидир

Ҳар бир халқнинг энг буюк қадрияти, миллий ўзлигининг ифодаси бу - она тилидир. Тилда халқнинг тарихи, маданияти, дунёқараши ва руҳияти мужассам.

1989 - йилнинг 21 - октябр куни “Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган сана халқимиз тарихининг муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Чунки у миллатнинг ўз тили, қадрияти ва мустақил тафаккурини асраб - авайлаш йўлида ташланган муҳим ва айни пайтда жасоратли қадам эди. Мамлакатимиз Конституциясида ўзбек тили давлат тили сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Шу билан бирга, тилимизни ривожлантириш, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, ёш авлодни ўз она тилига муҳаббат руҳиятида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбек тили - қадимий ва бой тил. Унда Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом сингари кўплаб буюк алломаларимиз нафақат миллий адабиётимиз, балки жаҳон адабиёти ривожига ҳам улкан ҳиссаси қўшган қанчадан - қанча ибратли, ўлмас асарлар яратганлар. Бугунги кунда эса Она тилимиз замонавий илм - фан, технология ва дипломатия тили сифатида ҳам фаол қўлланилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, она тилимизни ҳурмат қилиш билан бирга уни ўрганиш, тўғри ва равон сўзлаш, ёзма нутқда тўғри қўллаш орқали миллий қадриятларимизни улуғлаш баробарида ўзбек тилини асраб - авайлашни янада такомиллаштиришга бўлган эҳтиёж тобора ортяпти. Ҳозирги тезкор, глобаллашув жараёнида бу эҳтиёж ортишига ўзига хос "ҳисса" қўшаётган турли кўринишлардаги омиллар афсуски, бисёр...

... Сир эмаски, ҳар сўзда рус жаргонларини қўллаш кўпчилигимиз учун аллақачон одатга айланган бўлса, энди ҳатто бутун халқ оммаси эътиборига ҳавола этиб борилаётган айрим телекўрсатув бошловчиларининг адабий тил меъёрлари қоидаси маданиятига риоя этмасдан шъевада сайраётгани кенг жамоатчиликнинг ғашини келтираётгани бор гап ва бунга қулоғимиз ўрганиб ҳам қолди... Тилимизга нисбатан бундай ёндошувларни миллатимизга нисбатан ҳам ҳурматсизлик дейиш мумкин. Бундан ташқари шундай салбий жиҳатлар таъсирида ёш авлод онги адабий тилимизда шу тарзда сўзлаш керак экан, - деган тушунчани қабул қилиб қолиши ёмон...
... Тилимиз "экологияси" га маълум маънода путур етаётгани кенг жамоатчиликни бирдек сергак торттириб, қайғуртирмас экан, келгусида юзага келиши эҳтимоли бўлган ўзига хос хатар кўлами салмоқли бўлиши табиий ҳол.
Ўзбек тили - халқимизнинг юраги, миллатимизнинг руҳи, ватанимизнинг ғурури, - дея чиройли сўзлар айтиб кўксимизга урар эканмиз, Она тилимизни авлоддан авлодга турли хориж жаргонларидан холи, соф ҳолатида мерос қолдириш баробарида унга хос бой тарихий манбаларини ўрганиб бориш ҳамда уни ўсиб келаётган ёш авлод қалбига сингдириб боришни шу азиз ватан фарзанди, шу қадри улуғ миллат вакили деб билган ҳар биримиз ўзимиз учун муқаддас бурч эканлигини ҳам ёддан зинҳор фаромуш этмаслигимиз лозим ва шарт.

...- Юртимиз бўйлаб эрта тонгданоқ мазкур қутлуғ айём шукуҳи кезаётган ушбу кунда Қўшробот туманидаги 25 - умумтаълим мактабида ҳам мўъжазгина байрам тадбири ташкил этилди. Унда ўқувчилар Она тилимизни улуғловчи ўзлари ёд олган шъерлардан намуналар ўқишган бўлса, педагоглар маърузалари мазмуни ўқувчилар қалбида она тилимизга муҳаббатни ошириш орқали миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини янада ўстириш ва ўзбек тилининг бой тарихий ва маънавий қадрият сифатидаги аҳамияти хусусида бўлди.
- 21 - октябрь санаси нафақат байрам, балки ўзлигимизни англаш, она тилимизга бўлган меҳр ва эътиқодимизни янгилаш куни сифатида ҳам қадрлидир. Зеро тил - миллат руҳи. Уни асраш эса ватанпарварликнинг
энг юксак ифодасидир.

Шокир Эргашев,

журналист