Каттақўрғон туманида мактабгача таълим ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда
Rost24.uz таҳририятининг маълум қилишича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида айрим мактабгача таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда.
Мурожаатга кўра, туман мактабгача ва мактаб таълим бўлими раҳбарияти томонидан август ойининг 2–3 кунлари ходимлар “янги ташкил этилаётган 32-мактаб ҳузуридаги илк ривожлантириш маркази”нинг таъмирлаш ва безатиш ишларига мажбурлаб чиқарилган.
Шу билан бирга, ходимлардан ҳисобот тариқасида қилинган ишларини видео шаклида Telegram орқали юборишлари ҳам талаб қилингани айтилмоқда.
Айрим муассасалардан ходимлар келмаган тақдирда улардан маблағ йиғиш амалиёти йўлга қўйилган. Хусусан, ҳар бир МТТ ҳисобидан 150 минг сўмдан йиғиб олиниб, гул, шиор ва афишалар учун сарфлангани айтилмоқда.
Шунингдек, ходимларнинг иддао қилишича, мактабгача таълим методисти З. Арипова томонидан берилган кўрсатмаларни бажармаган мутахассислар иш жойида босимга учраб, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинган.
Таълим соҳаси ходимлари бу каби ҳолатлар уларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиши ва иш фаолиятига салбий таъсир қилаётганидан норозилик билдирмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтадиган бўлсак, аввалроқ Бандлик вазирлиги "Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳафталиги" эълон қилингани ҳақида айтиб ўтганди. Ўқитувчи ва мураббийларни нафақат иш берувчилар, балки мажбурий меҳнатга йўл қўйган барча масъул мансабдор шахсларга нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари қўлланилишини таъкидлаганди.
Ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар ва юқори турувчи масъуллардан расмий муносабат кутиб қоламиз, дея хабар бермоқда таҳририят.