Марказий банк насия савдодан хавотирда
Сўнгги йилларда мамлакатда насияга харид қилиш амалиёти оммалашиб бормоқда. Бу истеъмол ошишига хизмат қилса-да, аҳолининг яширин қарз юки ошиб бораётганини ҳам кўрсатади. Google қидирувларида "насия" сўзига қизиқиш ўсмоқда, айниқса ёшлар орасида. Бу ҳақда Марказий банк ўз таҳлилида маълум қилди.
Насия истеъмолчиларининг ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти – жами 27 фоиз, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари 9 фоиздан тўғри келиб, энг паст улуш Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида – 4 фоиздан ва Сирдарё вилоятида 3 фоизни ташкил этмоқда.
2018 йилдаги 8,1 млрд сўмлик тушум 2024 йилда 201,3 млрд сўмгача ўсган. Банк кредитлари ҳажми ҳам 22,3 млрд сўмдан 1 169,8 млрд сўмгача ошган. Насия фойдаланувчиларининг 63 фоизи 35 ёшгача бўлиб, 2024 йилда умумий мижозлар сони 1,9 млн нафарни ташкил этган. Улар кўп ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир нечта насия шартномаларига эга бўлгани аниқланган.
Шу мижозларнинг 777,5 минг нафарида қўшимча банк қарздорлиги мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми микроқарзлардан фойдаланган.
Шунингдек, товар нархларига қўшилаётган устамалар банк кредитлари билан солиштирилганда нисбатан юқорироқ даражада шаклланган.