July 1

«Хусусий ОТМлар сабаб бозор тўйинди»

олий таълим вазири абитуриентлар сони камайгани ҳақида гапирди

Хусусий университетлар сони кўпайиши сабаб давлат ОТМларига хужжат топширувчи абитуриентлар сони камайяпти. «Улар олий таълимга кира олмай юрган ёшларимизнинг ҳаммасини қамраб олган, яъни, энди бозор тўйинди», — деб ҳисоблайди олий таълим вазири Конгратбай Шарипов.

2025 йил Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасалари кириш имтиҳонларида қатнашиш учун 732 минг 411 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Бу сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткич сифатида қайд этилди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов 26 июнь куни ОАВ вакилларига берган интервьюсида мазкур рақамлар бўйича ўз муносабатини билдирди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Биз абитуриентлар сони нега камайганини таҳлил қилдик. Бу йилги битирувчилар ичида давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлар ўтган йилга нисбатан 15 мингга кўпайган. Лекин ўтган ва ундан олдинги йиллардаги битирувчилар сони 177 мингтага кам. Олдинги йилларда институтларга кира олмаганлар хусусий, нодавлат олий таълим муассасаларига кириб, таълимга бўлган эҳтиёжини қондирган, деб ўйлайман. Шунинг ҳисобига, назаримда, [жорий йил] абитуриентлар сони кам», — деди вазир.

«Шу билан бирга охирги йилларда хусусий университетлар кўпайди. Уларни ташкил этиш жараёни 2019 йилда бошланган бўлса, ҳозир хусусий ОТМлар сони 71 тага етди. Улар кўпайгани бозорда олий таълимга кира олмай юрган олдинги ёшларимизнинг ҳаммасини қамраб олган, яъни энди бозор тўйинди демоқчиман», — дея қўшимча қилди Шарипов.

Унинг сўзларига кўра, квоталар сони ортган сари ОТМга ҳужжат топширадиганлар сони ҳам йилдан йилга камайиб бормоқда.

«Дипломга нисбатан қизиқишнинг камаяётгани — табиий жараён. Аста-секин шундай бўлади. Аввалги йилларда кўпчиликда олий таълимга киришга қизиқиш юқори бўлса-да, имконият чекланган эди. Давлат университетларида квота бор эди. Илгари фақат 70 мингга яқин талаба қабул қилинган бўлса, ўтган йили бу сон 360 мингга етди. Шунинг ҳисобига йилдан йилга олий таълимга ўқишга кирадиган, олдинги йилларда ўқишни битирган ёшлар сони камайяпти», — дейди вазир.

Таққослаш учун, 2024 йили Ўзбекистон ОТМларига 894 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжатга топширган эди. Энг юқори кўрсаткич эса 2020 йили қайд этилган бўлиб, ўшанда 1 млн 484 мингдан ортиқ абитуриент ўқишга кириш учун ариза берган.