Мураккаб хасталикка шифо излаймиз
Бугунги шиддаткор замонда айрим касаллик турларига мукаммал даво чораларини ишлаб чиқиш халқаро миқёсдаги тиббиёт элитасини қийнаб келаётган ечими топилиши мушкул бўлган масалалардан бўлиб турибди. Шундай касалликлардан бири турли омиллар туфайли дунё халқлари орасида тобора кўп учраётган, номини эшитса киши эти жунжикадиган - онкологик касалликлардир. Мазкур хасталикни аҳолида эрта аниқлаш ва даво чораларини қўллаш борасида мамлакатимизда қатор чора - тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб ҳаётга жорий этилиши мазкур хасталикнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалида ҳам бу борада бир қатор саъй – ҳаракатлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда филиалимиз ходимлари томонидан онкологик касалликларга шифо топиш йўналишида бир қатор илмий ишлар амалга татбиқ этилиб келинмоқда. Ҳозиргача филиалнинг олти нафар ходими докторлик диссертасиясини ҳимоя қилган бўлса, филиалнинг икки нафар тиббиёт ходими онкология диссертация иши бўйича семинардан ўтди. Яна ўн беш нафар тиббиёт ходими мустақил изланувчи сифатида иш олиб бормоқда. Шу кунгача филиалимиз томонидан саккизта монография, бир юз тўқсон бешта мақола (уларнинг 86 таси хориж журналларида чоп этилган), ўн иккита ДГУ патент, яъни, ихтиронинг давлат томонидан эътироф этилганлигини ва ихтирочининг ўз ихтиросига олган мутлақ ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат олиниб, учта дарслик қўлланма, тўртта ўқув қўлланма ҳамда ўн олтита услубий тавсияномалар чиқарилди.
Албатта бу марказимизда илмий томондан амалга оширилаётган ишлар кўлами. Марказга шифо истаб келаётган ҳар бир бемор доимий диққат марказимизда. Айтиш керак кейинги вақтда даволаш ишлари бўйича олдин бажарилмаган йигирма етти турдаги 5 645 та юқори - технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Номма ном айтадиган бўлсак, қизилўнгач, ўпка, кўкс оралиғи, жигар, ошқозон, ичак, буйрак хавфли ўсма касалликлари бўйича 2 350 та, таянч ҳаракат тизимидаги ўсмалар ва тизза, елка бўғимларига эндопротез қўйиш, бош бўйин ўсмаларида суяк резекцияси ва БИОГAП билан реконструксия, бош-бўйин ўсмаларида суякларни титан пластинка ва титан сетка билан реконструксия қилиш ҳамда сут бези ўсмаларини даволаш мақсадида 3 295 та муракккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилган. Шунингдек, эндохирургик кам инвазив амалиётлар ўтган 2023 йилда 1 034 та бажарилган бўлса, жорий йил давомида амалиётлар 1 673 та бажарилди.
Марказимизда хавфли ўсма касалликларига янги замонавий диагностик усуллар ташкиллаштирилган. Қорин парда орти соҳаси, кўкс оралиғи, ўпка периферик ўсмаларида, суякларда ва умуртқа поғонаси ўсма касалликларида трепан биопсиялар олиш, иммуногистохимик таҳлиллар ва турли онкомаркерларни аниқлаш йўлга қўйилган. Аёлларда учраши мумкин бўлган онкологик хасталикларни эрта аниқлаш мақсадида Самарқанд вилоятининг барча туманларда 45-65 ёшдаги аёллар руйхати шакллантирилиб, филиал мутахассислари мобил маммограф ускунасида ҳозиргача 2 044 нафар аёлларни текширувдан ўтказди. 29 нафар аёлда кўкрак бези саратони эрта босқичларда аниқланди. Ўсма олди касалликлари аниқланган 157 нафар аёл ўз вақтида соғломлаштирилди. Шунингдек, филиалнинг малакали шифокорлари томонидан туманларда 335 та юқори технологик амалиётлар бажарилди.
Албатта замонавий тиббиётда моддий техник базанинг аҳамияти катта. Марказимизда Германияда ишлаб чиқарилган “микропланшетли ИФA ридер (иммунофермент анализатор)” аппарати ўрнатилиб бугунги кунда 7 турдаги (AФП, СA-125, СA-19-9, ПСA, ТТГ, Т3, Т4) онкомаркёрларни аниқлаш йўлга қўйилган. Бундан ташқари иммуногистокимё лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиб, ИГХ ўтказиш учун 1 марталик реактивлар ва сарфлов материаллари билан таъминланган.
Эътирофли жиҳат шундаки, сўнгги йилларда Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий - амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг барча тиббиёт ходимлари “ESMO”, “ASMO”, “ASCO” ассосациясига аъзо бўлишиб, 76 нафар врач онкологлар Россия, Жанубий Корея, Aмерика қўшма штатлари ва Ҳиндистон давлатлари клиникаларида бўлишиб ўз малака ва тажрибаларини ошириб келишди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент.