July 14

Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди

Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланиб, унга мувофиқ, Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди. Бу ҳақда президентнинг “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида эълон қилинди.

Фармонга кўра, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш, яъни таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалалари белгиланди. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.

Бундан ташқари, Президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.