March 27

Бозорлар ҳокимлик назоратидан чиқарилади

Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусида ўтказилган давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар бўйича йиғилишда таъкидланди.

Йиғилишда президент Ш.Мирзиёев бозорлар бўйича эътирозини билдирди

«Ҳозирда республикадаги 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Энди бу тартиб ҳам ўзгаради. Бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади. Бу ҳам тадбиркорлар учун қўшимча имконият бўлади», — деди Президент.

Энди вилоят марказларида ҳам самарасиз бино ҳамда бўш ерлар аниқланиб, аукционга чиқарилади.

Тадбиркорлар камида беш йил ижарада фойдаланган давлат мулкини тўғридан-тўғри ўзи сотиб олиши мумкин.

Шунингдек, аукционда узоқ вақт сотилмай турган кичик майдонли ёнма-ён ер участкалари бирлаштирилиб, қайта аукционга чиқарилади.

"Пахтасаноат"нинг сотилмай қолган 131 та активи бошланғич баҳоси 50%гача пасайтирилиб сотувга қўйилади.

Давлат мулкини хусусийлаштириш доирасида 30 триллион сўмлик активлар сотувга чиқарилиб, бюджетга камида 10 триллион сўм тушум таъминланиши режалаштирилган. Шунингдек, 116 та корхонадаги давлат улуши, 581 та кўчмас мулк объекти ва 6,1 минг гектар ер аукционга қўйилади. Қўшимча равишда, 300 та кон ва майдон инвесторларга таклиф қилиниб, 500 миллиард сўм тушум туширилади.