December 11, 2024

Йод танқислигининг пайдо бўлиши ва унинг олдини олиш йўллари

Йод танқислиги мавжуд минтақалар, жумладан Ўзбекистонда қалқонсимон без соҳасидаги муаммолар кўп учрайди - гипотериоз, тугунлар ҳосил бўлиши, бўқоқ ва ҳокозо. Буларга қарши қандай курашиш керак? Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, СамТУ профессори Наргиза Абдуллаеванинг фикрлари ва мушоҳадаларини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Соч тўкилиши, терининг қуруқланиши, қабзият, тез толиқиш, уйқучанлик, тушкунлик, хотиранинг пасайиши ва бошқалар гипотериозга хос белгилар ҳисобланади. Қалқонсимон без касалликлари унинг катталашиши, фаолиятининг кучайиб кетиши (гипертериоз), пасайиши (гипотериоз), яллиғланиши (тиреоидит) ва унда хавфли ва хавфсиз ўсимта пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Аксарият ривожланган мамлакатларда оммавий йод профилактикаси қўлланади. Қаердадир - нон, бошқа бир жойда эса - сут, яъни оммавий истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилади. Афсуски, сўнгги 10-20  йилликларда бундай оммавий йод профилактикаси ўтказилмаяпти. Шу боис барча таомларни тайёрлашда йодланган туздан фойдаланиши мақсадга мувофиқ.

Йод танқислиги натижасида гипотериоз юзага келган бўлса, 6-9 ой давомида ҳар куни 200 микрограммдан йодли препаратларни қабул қилиш керак. Бунинг ҳеч қандай салбий таъсири йўқ, аксинча уни қабул қилмасак салбий таъсирни юзага келтириши мумкин. Ҳар ярим йилда аҳвол яхши томонга ўзгаряптими ёки йўқ, кузатиш керак.

Шуни алоҳида айтиш керакки, юртдошларимиз барча фаслларда йодланган туз қўшилган таомларни истеъмол қилиши керак. Фарзанд кутаётган аёлларимиз ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ 200 микрограммдан йод препаратини қабул қилишлари зарур. Қалқонсимон безда ўзгаришлар бўлган кишилар, болалар, албатта, қалқонсимон без соҳаси ультраташхис текшируви (УТТ) дан ўтган ҳолда юқоридаги профилактика муолажаларини олиб боришлари лозим.

Йод танқислик ҳолати ва касалликлари асосан йод етишмовчилиги бўлган эндемик регионларда яшайдиган одамларда қалқонсимон без катталашиши орқали юзага келади. Агар тупроқ ва сувда йод миқдори етарли бўлса эндемик буқоқ пайдо бўлмайди. Йод танқислик ҳолати ва касалликлари келиб чиқишида оқсил ва витаминлари кам бўлган озиқ–овқат маҳсулотларини узоқ муддатларда қабул қилиб юриш, инфекцион омиллар, интоксикация, моддий иқтисодий шароитнинг ёмонлашуви каби бошқа омиллар ҳам эндемик буқоқни келиб чиқишидаги омил сифатида илмий асосланган.

Йод организм учун муҳим элементлардан бири ҳисобланади. У қалқонсимон безнинг асосий гормони бўлган тироксин ишлаб чиқарилишида иштирок этади. Мазкур гормон метаболизм (ҳужайраларда содир бўладиган кимёвий реакциялар мажмуйи бўлиб, ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддалар, энергия ҳосил бўлиши ва алмашинуви), иммунитет, ақлий ва жисмоний ривожланиш, кўплаб ички органлар ва юрак-қон томир тизимининг ишига таъсир қилади. Шу билан бирга ҳужайралар ўсиши ва бўлинишида ҳам иштирок этади, психологик ва ҳиссий саломатлик, асаб тизимининг ҳолати тироксинга боғлиқ. Айниқса ҳомиладорлик даврида йод танқислигига йўл қўймаслик лозим. Чунки бу ҳолат ҳомила ўлимига, мия тузилмаларида қайтмас ўзгаришларга, асаб тизимининг муаммоларига олиб келиши мумкин. Болаларда ақлий, когнитив қобилиятлар бузилади, эндемик бўқоқ, гипотиреоз шаклланиши мумкин

Аввалом бор ҳар бир инсон йоднинг кунлик истеъмоли қанчалигини билиши ва бу орқали ўзини хамда оила аъзоларини йод танқислик ҳолати ва касалликларидан химоя қилиши мумкин. Инсон организмининг тўлиқ ривожланиши ва унинг нормал ишлаши учун ёднинг кунлик миқдори қуйидагини ташкил этади:

• 12 ойгача бўлган чақалоқлар — кунига 60 мкг;

• 1-3 ёшли болалар — кунига 70 мкг;

• 3-7 ёшдаги болалар — кунига 100 мкг;

• 11-18 ёшли ўсмирлар— кунига 150 мкг;

• Катта ѐшдаги одамларда -кунига180-280 мкг.

Профилактикаси. Ёдтанқислик ҳолати ва касалликлари профилактикасининг учта тури мавжуд: 1) оммавий 2) гуруҳли 3) индивидуал. Оммавий профилактикада аҳоли истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшимча калий ёдид бериш тавсия қилинади. Организмга тахминан 90% йод озиқ - овқатлар билан, 10% эса сув билан тушади. Шу сабабдан Европа мамлакатлари, Россия, АҚШ, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам истеъмол қиладиган ош тузини, нонни, истеъмол қиладиган ёғни (Жанубий Америка) ёдлаш ёки ёд препаратларини қабул қилиш йўлга қўйилган. Гуруҳли профилактикада эса аҳолининг айрим гуруҳини (болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар) бепул антиструмин, йодид 100 - 200 каби ёд препаратлари билан таъминлаш амалга оширилади. Индивидуал профилактика эса бўқоқ билан касалланган беморларда қалқонсимон без жарроҳлик йўли билан олиб ташлангандан кейинги даврда ўтказилади.

Наргиза Абдуллаева,

СамДТУ даволаш ишлари проректори, кўп тармоқли клиника бош шифокори. Т.ф.д профессор. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати