Ҳафта давомида ҳарорат +44 даражагача кўтарилади
16−19 июнь кунлари Ўзбекистонда ҳаво +40…+44 даражагача исийди, кечалари дим бўлади. Ҳафта охирида ҳарорат +35…+38 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Ҳафта бошидан Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кучаяди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
16−17 июнда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 17−19 июнда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +40…+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43…+44 даражагача кўтарилади.
Кечалари ҳам ҳаво дим бўлади. Фақат эрталабки соатларда ҳарорат бир муддат +24…+27 даражагача тушади.
Ҳафта охирида ҳарорат бироз пасаяди, ҳудуднинг катта қисмида кундузги ҳаво ҳарорати +35…+38 даража, жанубда +39…+41 даража атрофида бўлади. Шу кунларда Ўзбекистон бўйича асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади.
Республика бўйича шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда. 16−18 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 19−21 июнда республиканинг кўпчилик вилоятларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда 20 июнь куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади.
Тошкент шаҳрида асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат душанба кундузи +36…+38 даража, 17−19 июнда +38…+41 даражагача, 20 июнда +35…+37 даража бўлади.