Тошкентда “Матбуотчилар уйи”ни сотишга уринилмоқда
Бир замонлар Шароф Рашидов ижодкорлар учун махсус қуриб берган “Матбуотчилар уйи” пойтахтнинг марказида жойлашгани боис ҳамон амалдорларга тинчлик бермаяпти. Тошкент шаҳрининг энг қиммат ҳудудида жойлашган “Матбуотчилар уйи”ни 2022 йилгача бир неча бор сотишга уринишлар бўлди.
Ҳар сафар ижодкорларнинг “дод-войи” билан сақлаб қолинаётган эди. Охирги марта Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов “Матбуотчилар уйи” сотилишдан тўхтатилгани ҳақида баёнот ҳам берган. Ҳаттоки 2021 йилнинг 21 декабрь санасида ушбу қиммат бино олдида Ш.Асадов бир гуруҳ ижодкорлар билан расмга ҳам тушиб, бу санани тарихга муҳрлагани кўпчиликка маълум.
2022 йилнинг ўрталарида “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон республикаси Президентининг қарорида (https://lex.uz/docs/6083381) ҳам “Матбуотчилар уйи” сотилмаслиги айтиб ўтилган.
Мазкур қарорнинг 12-бандида “Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилида жойлашган «Матбуот уйи» бино ва иншоотлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин”, дея тушунарли сўзлар билан ёзиб қўйилган.
13-бандда эса, 2023-2024 йилларда “Матбуотчилар уйи” ва унинг атрофида замонавий медиа шаҳарча ташкил этиш белгиланган.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлигига, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигига юклатилган эди (вазирликлар номлари ҳозирда ўзгарган).
Аммо, гувоҳи бўлганингиздек, топшириқ бажарилмади. Аксинча, “Матбуотчилар уйи”ни барибир сотиш ва сотиб олиш ҳаракатлари тўхтагани йўқ.