Ҳокимликнинг судлашишга ишқибозлиги қачон тугайди!?
Ходимнинг иш ҳақини ўз вақтида тўлаш ўрнига суд остонасига бориш — раҳбарлик масъулиятига мосми?
Давлат ҳокимияти идоралари, аввало, қонун устуворлигини таъминлаши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, одамларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишидан иборат бўлиши керак. Айниқса, бугун ҳокимлар зиммасига аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ва халқ фаровонлигини оширишдек муҳим вазифалар юклатилган бир пайтда ўз тизимидаги ходимлар билан меҳнат низоларига ўралашиб қолиш ҳар қандай раҳбарни жиддий мулоҳазага чорлаши табиий.
Афсуски, кейинги пайтларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман ҳокимлиги билан унинг тизимида ишлаётган ходимлар ўртасида суд низолари юзага келаётгани ҳақидаги маълумотлар эътиборни тортмоқда. Айрим ҳолатларда суд қарорларининг ходимлар фойдасига чиқиши эса бу жараёнларнинг сабабларини чуқурроқ ўрганиш заруратини юзага келтиради.
Яқинда ҳокимлик билан ҳоким ёрдамчиси ўртасидаги иш ҳақи низоси ҳам шундай ҳолатлардан бири бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларга кўра, суд ҳужжатларида келтирилишича ходимга бир неча ой давомида иш ҳақи ўз вақтида тўланмаган. Натижада 52 миллион 800 минг сўм иш ҳақи қарздорлиги юзага келган. Бундан ташқари, тўлов кечиктирилгани учун 78 миллион 971 минг 200 сўм компенсация ҳам ҳисобланган. Суд қарори билан 44 минг сўм почта харажати ва давлат фойдасига 5 миллион 270 минг 848 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Бир қарашда, бу оддий меҳнат низосидек туюлиши мумкин. Аммо рақамлар моҳиятига эътибор қаратилса, масаланинг иқтисодий ва ташкилий оқибатлари анча жиддий экани кўринади. Зеро, ходимнинг ўз меҳнати учун олиши лозим бўлган иш ҳақи ўз вақтида тўланмагани оқибатида иш берувчи зиммасига қўшимча молиявий мажбуриятлар юзага келган.
Энг қизиғи, бу муаммони судгача етказмасдан ҳал қилиш мумкин эмасмиди? Нима учун ходим ўз ҳақини олиш учун судма-суд юришга мажбур бўлди? Иш ҳақининг кечикишига нима сабаб бўлди? Ҳокимликда бу масала учун масъул бўлганлар қаерга қараган?
Ахир, иш ҳақи ходимнинг меҳнати эвазига оладиган қонуний ҳақидир. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 253-моддасида иш ҳақини тўлаш муддатлари, 333-моддасида эса тўлов кечиктирилгани учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Демак, қонун талаблари барча иш берувчилар учун бирдек мажбурий. Давлат идораси ҳам бу борада истисно эмас.
Масаланинг яна бир жиҳати бор. Суд қарорлари натижасида юзага келадиган қўшимча харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланса, бунинг ортида жамоатчилик манфаати турганини унутмаслик керак. Бюджет маблағлари халқники. Уни оқилона ва мақсадли сарфлаш ҳар бир раҳбарнинг бурчи. Шу боис, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилмагани оқибатида келиб чиққан молиявий йўқотишларнинг сабаблари ва масъулларини аниқлаш ва ҳолатга қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо бериш лозим. Ҳокимлик масъулларинг Хитой сафарига оид йўл қўйган хатоликлари ҳали совумасдан туриб яна хатоларнинг такрорлаётгани оддий одамларни ҳокимликка нисбатан ишончсизлигини оширмайдими!?
Албатта, ҳар қандай суд низосидаги мағлубият муайян мансабдор шахснинг шахсий айбдорлигини англатмайди. Бироқ суд ҳужжатларида аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли хизмат текшируви ўтказилиши, масъулларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.
Ачинарлиси, гап фақат биргина иш ҳақи низоси ҳақида бораётгани йўқ. Ҳокимлик ва унинг тизимидаги ходимлар ўртасидаги бошқа меҳнат муносабатлари ҳам жамоатчиликда саволлар уйғотмоқда. Агар бундай низолар такрорланаётган бўлса, буни алоҳида ҳолат сифатида эмас, балки кадрлар билан ишлаш ва бошқарув амалиёти нуқтаи назаридан ҳам ўрганиш керак.
Туман ҳокими зиммасида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринлари яратиш каби муҳим вазифалар турган бир пайтда вақт ва ресурсларни ўз ходимлари билан судлашувларга сарфлаш қай даражада мақсадга мувофиқ? Раҳбарлик фақат топшириқ бериш ва ҳисобот талаб қилишдан иборат эмас. У, энг аввало, ўз жамоасида қонунийлик, адолат ва ўзаро масъулият муҳитини яратишдан бошланади.
Шу боис, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, тегишли меҳнат назорати органлари ва бошқа ваколатли идоралар Каттақўрғон туман ҳокимлигидаги меҳнат низолари сабабларини атрофлича ўрганиши мақсадга мувофиқ. Суд қарорларининг ижроси, иш ҳақи тўловларининг ўз вақтида амалга оширилиши, қўшимча харажатларга олиб келган омиллар ва масъулларнинг фаолиятига холисона баҳо берилиши зарур.
Зеро, давлат идорасининг обрўси судлардаги баҳслар билан эмас, одамларнинг унга бўлган ишончи, ходимларга муносабати ва қонун талабларига қай даражада амал қилиши билан белгиланади.
Ходимнинг иш ҳақини ўз вақтида тўлаш учун суд қарорини кутиш шарт эмас. Қонун талабини бажариш — раҳбарнинг ихтиёрий танлови эмас, хизмат бурчидир. Каттақўрғон туман ҳокимлигидаги бу каби ҳолатлардан қандай хулоса чиқарилади? Судлашувлар давом этаверадими ёки меҳнат муносабатларида қонунийлик ва адолат устувор бўладими? Бу саволларга ҳокимлик раҳбариятининг муносабати жамоатчилик учун ҳам қизиқ.