Тошкент "пропискаси" ҳақидаги қонун бекор қилинди
Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий "прописка" олиш ҳуқуқини чеклаб келган қонун бекор қилинмоқда. Бу ҳақда "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида"ги қонунда кўрсатилган. Қонун 2025 йил 12 октябрда кучга киради.
2011 йилда қабул қилинган "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича прописка қилиниши лозим бўлган фуқаролар тоифалари рўйхати тўғрисида"ги қонун эса ўз кучини йўқотмоқда.
Аввалги тартибга кўра, фақат 12 тоифадаги фуқаролар (жумладан уй-жой мулкдорлари, яқин қариндошлар, васийлик остидаги ёки тарбияга олинган болалар, парламент, президент, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланган шахслар ва уларнинг оила аъзолари) Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка олиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда бу рўйхат бекор қилиниб, ҳар қандай фуқаро Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.
Доимий рўйхатдан ўтиш тартиби:
—ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида шахсий ариза билан;
—давлат хизматлари марказларида шахсий ариза билан;
—Ягона интерактив давлат хизматлари порталида онлайн тарзда билдиришнома асосида.
Рўйхатдан ўтиш учун қуйидагилар талаб этилади:
—уй-жой мулкдорининг турар жой бериш ҳақидаги аризаси (розилиги) ёки нотариал тасдиқланган розилиги;
—мулкдорнинг паспорти ёки ID картаси, рўйхатдан ўтувчи фуқаронинг паспорти ёки шахсий гувоҳномаси;
—Агар ариза билан бирга 16 ёшга тўлмаган бола рўйхатга олинаётган бўлса, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ёки боланинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, бола васийликда ёки тарбияга берилган бўлса, тегишли ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши лозим бўлади.