Солиқ қўмитасининг 2 нафар ходими қамоққа олинди
Солиқ қўмитасининг 2 нафар ходими, шунингдек, МЧЖ директори ва ҳисобчиси ҳамда 2 нафар норасмий раҳбари гумонланувчи тариқасида терговга жалб қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Бунга сабаб 5,5 млрд сўм ҚҚСнинг манфий суммаси ёғоч импорти билан шуғулланувчи МЧЖ ҳисобига бюджетдан ноқонуний қайтарилганлиги бўлган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, мансабдор шахслар "Барқарорлик рейтинги" дастуридаги маълумотларни сохталаштириш орқали 18 та хўжалик юритувчи субъектларга баҳоларни сунъий равишда қўшиш ҳамда хавф даражасини олиб ташлаган. Оқибатда жами 82 млрд сўм ҚҚСнинг манфий суммаси бюджетдан ноқонуний қайтарилганлиги ҳолати аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 167 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тинтув-тергов ҳаракатлари давомида 79 минг АҚШ доллари, 161 млн сўм, 3 та LI 9 электромобиль, 2 та "Gentra", 1 та "Nexia 3" автомашинаси, 1268 блокда "TEREA" номли электрон сигарет таёқчалари, 27 та электрон калитлар, шунингдек, муҳр, компьютер ва телефон аппаратлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Жиноят иши доирасида қолган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ноқонуний ўзлаштирилган бюджет маблағлари бўйича ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.