December 30, 2024

Жадидчилик ҳаракати ва маърифий қарашлар

Жадидлар ким бўлганини тушуниб олиш учун ўша давр тарихини жуда яхши билиш зарур. Жадидчилик XIX аср охири – XX аср бошида пайдо бўлди. Агар биз жадидчилик пайдо бўлишининг тарихий сабабларини тушунишни истасак, тарихга бироз чуқурроқ кириб боришимиз, XIX асрдаги фалсафа ва маърифатнинг кучайиши, қанчалик ғайритабиий кўринмасин, Ўрта Осиё хонликларининг XVI асрда Буюк ипак йўли заифлашиб қолгани билан боғлиқ тарзда юзага келган қолоқлиги объектив сабабларини англаб олишимиз керак бўлади.

Ўша вақтда денгиз йўллари очилиб, Ғарбда, Европада технологиялар жадал ривожлана бошлади. Субъектив сабаблар эса халқ хўжалиги ва умумий ривожланишга улкан зарар етказган ички урушлардир. Туркистонни Россия империяси босиб олгандан кейин ўлка метрополияни табиий бойликлари, хусусан, пахта ва ипак билан беғараз таъминлаб турган хомашё базасига айланди. Кейинчалик бошқа табиий ресурсларни ҳам қазиб олиш ва марказга ҳайдаб бериш дастури ишлаб чиқилди, фақат ушбу мақсадларга эришишда хизмат қилувчи соҳалар ривожлантирилди.

Маданий инқироз, бутунлай сафсатага айланиб қолган таълимнинг аҳволи ҳақида ҳам гапиришга тўғри келади. Умуман, бу даврга келиб, ислом фалсафаси қадрини йўқотиб бўлди, яъни у содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг уламо тарафидан маиший талқинига айланиб қолди, холос.

Шунинг учун жадидлар – ёшлар, бу эса ёшлар ҳаракати эди. Мен жадидларнинг ёш таркибини ўргандим. Маълум бўлишича, машҳур жадид ва ёшларнинг севимли ёзувчиси Чўлпон 1910 йилда 13 ёшда, Беҳбудийнинг ёши эса 30 ошиқроқ бўлган экан. Ўша ҳаракат иштирокчилари фақат ёшлардан иборат экани маълум бўляпти. Айни масалага ёнгдашилганда, шундан келиб чиқиш керак бўлади. Бу ёшлар интеллектуал жиҳатдан ривожланган ва Туркистоннинг жаҳон тараққиётидан орқада қолаётгани сабабларини тушунар эди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, маърифатпарварликнинг чуқур илдизлари бўлиб, фақат жадидчилик кўринишида зуҳур бўлгани йўқ. Унинг маърифатпарварлик илдизлари ҳам бор эди ва жадидчилик ушбу ҳаракатнинг аккумулятори – қувват йиғувчиси бўлди. Албатта, у олдинги адабиёт, олдинги фалсафа ютуқларига асосланган. Жадидлар ўзини ушбу фалсафанинг таҳлилчилари сифатида ҳам намоён қилди. Биламизки, машҳур маърифатпарвар Аҳмад Дониш, шоирлар Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Убайдулла Завқий, Муҳаммад Баёний, Абай Қўнонбоев ва олим Чўқон Валихонов ислоҳотнинг ҳассос тарафдорлари бўлган, улар боши берк кўчадан чиқишни нафақат маърифатда, қолаверса, туркий халқлар бирлигида кўрган. Ўтмишдошларидан анча олдинлаб кетган ва маърифатпарварликдан сиёсатга ўтган жадидлар шу заминда униб чиққан.

Биз жадидлар ҳаракатини феномен деб атаймиз, тўғрими? Агар улар мавжудлиги жуда оз вақт оралиғи ва муайян сиёсий воқеалар билан чекланмаганда, мен буни кичик Ренессанс деб атаган бўлар эдим. Агар жадидлар фаолиятини яна бир неча ўн йил давом эттирганида, жуда яхши натижага эришган ҳамда аҳоли уларни яхши қабул қилган, ғоялари яхши тарқалган бўлар эди. Жадидчиликнинг ўзига хослиги нимада? Энг аввало, уларнинг ақл-заковати фавқулодда юксак ривожланган, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданияти ҳақида муайян билимга эга бўлган. Деярли барчаси олий диний таълим олиб, Навоий, Жомий, Фузулий шеърияти, ўрта асрларда яратилган маърифий рисолаларни ўқиб ва уқиб, бу билимини ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданияти ютуқлари билан бойитган. Айни ҳол жадидларнинг фалсафий дунёқарашини белгилиб берган ва бу таълим соҳасини, умуман олганда, маърифатни ислоҳ қилиш борасидаги фаолиятида акс этган. Жадидлар нафақат бундай ислоҳот ўтказишни назарий жиҳатдан асослаб берган, қолаверса, маърифатни амалга ошириш учун амалда ҳам тинмай ҳаракат қилган: улар янги усулдаги мактаблар, кутубхоналар, қироатхоналар очган, дарсликлар, газеталар чоп этган, илк театр ташкил этган, бу аҳоли учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгилик бўлиб, жуда катта таъсир кучига бўлган ва одамлар онгида инқилоб ясаган. Шу ўринда Махмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” пеъсасини эслаб ўтиш жоиз, унда билимсизлик, жоҳиллик фожиага сабаб бўлиши кўрсатиб берилган ва ёшлар онгида чин маънодаги инқилоб ясаган эди.

Ўткир Ўтанов, доцент