“Тиббиётда 90 кунлик”: Самарқандда янги қулайликлар яратилди
Самарқанд шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиникада “Тиббиётда 90 кунлик” дастури доирасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Янги имкониятлар ва қулайликлар поликлиника фаолиятида тубдан янгича муҳит яратди.
Эндиликда поликлиникага мурожаат қилаётган беморлар шифокор қабулларига онлайн ёзилиши мумкин. Бу орқали ортиқча навбат ва сарсонгарчиликка барҳам берилди. Мурожаатчилар интернет ёки телефон орқали ўз вақтига рўйхатдан ўтиб, тезкор ва қулай хизматдан фойдаланмоқда.
"Янги тизим орқали беморларнинг вақти тежалади, тиббиёт ходимлари учун эса иш жараёни самарали йўлга қўйилади", — дейди поликлиника мудири Гулнора Рустамова.
Поликлиникада рўйхатхона тубдан янгиланиб, беморлар учун шинам кутиш заллари ташкил этилди. Замонавий жиҳозлар ва қулай шарт-шароитлар орқали беморларнинг розилиги ва ишончи янада ортмоқда.
Аҳоли поликлиника ичида йўналтирувчи белгилар ёрдамида ўз йўналишига осон ва тез етиб бориши мумкин. Мутахассислар ва даволаш хоналари мақсадга мувофиқ жойлаштирилди, бу эса хизмат самарадорлигини янада кучайтирди.
Шифокор кўригидан ўтувчи беморлар учун қабул хоналарида тўсиқ пардалар ўрнатилди. Ётоқ ўринлари орасида шахсий ҳимоя ва бемор учун қулай шароит яратилди. Бу янгиланишлар орқали тиббий хизмат нафақат самарали, балки инсоний муносабатга ҳам асосланди.
Самарқанд шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиникада амалга оширилган ушбу ислоҳотлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда янги босқич бўлди.
“Тиббиётда 90 кунлик” дастури доирасида амалга оширилган ишлар, шубҳасиз, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини енгиллаштириш ва энг муҳими, фуқаролар розилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, тиббиётда яратилган ҳар бир қулайлик – инсон саломатлиги йўлидаги қимматли қадамдир.