Кореяга ишлаш учун кетадиганларнинг қариндошларидан гаров сифатида фойдаланиш қонунийми?
Корея Республикасига вақтинча ишлаш учун бораётган фуқаролар томонидан уч томонлама шартнома тарафларнинг ихтиёрига асосан амалга оширилади. Фуқаро имзо қўйишга ёки унинг таниши кафиллик қилишига мажбур қилинмайди ва тушунтиш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Миграция агентлиги бўлим бошлиғи Исломжон Ҳамраев АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Rost24 журналисти Миграция агентлигига уч томонлама шартноманинг қонунийлиги, кафиллик қилган шахсларнинг "гаровдаги шахс" ҳолатига тушиб қолмаслиги ва ушбу тизимнинг самарадорлиги ҳақида савол йўллади.
— Барчаси ҳуқуқий асосга эга. Уч томонлама шартнома тарафларнинг ихтиёрига асосан амалга оширилади. Фуқаро имзо қўйишга ёки унинг таниши кафиллик қилишига мажбур қилинмайди ва тушунтириш ишлари олиб борилади. Бу тизим қўлланишига сабаб, меҳнат мигрантларининг ноқонуний юриши 10 фоиздан ошса, квота камайтирилади, визани қисқартириш ва шу каби бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, — дея жавоб берди Исломжон Ҳамраев.
Унга кўра, Кореяга ишлаш учун бораётган ҳар бир юртдошимиз кетиш олдидан уч томонлама шартномага имзо чекмоқда. Шартномада агар фуқаро ўз иш жойини сабабсиз ташлаб кетса, Кореяда нолегал юрган ҳар бир ойи учун 2000 АҚШ долларидан (ҳозирги вақтда) жарима ундирилиши келтирилган. Жумладан, 2024 йилнинг 14 декабрига қадар қарийб 80 нафар ҳамюртимизнинг кафилларидан давлатга 2 млрд 35 млн сўм жарима ундирилган.
Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу уч томонлама шартнома натижаси ўлароқ, иш жойини сабабсиз ташлаб кетиш ҳолатлари камайгани ҳам айтиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, Миграция агентлиги охирги пайтлар Корея Республикасига вақтинча ишлаш учун борган фуқароларимиз орасида ўз иш жойини сабабсиз ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, бу Ўзбекистонга ажратилган ишчи квоталар сонига жиддий таъсир кўрсатиши, мамлакатимиздан борган ишчиларнинг имиджи тушиб кетишига сабаб бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.