May 13

Айрим давлатларда ҳантавирус инфекцияси тарқалаётгани айтилмоқда

Айрим давлатларда ҳантавирус инфекцияси тарқалаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият юзасидан расмий маълумот берди.

Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, ҳозирча мамлакатда ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Унга кўра, вирусологик мониторинг ишлари доимий равишда олиб борилмоқда ва эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳантавирус коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемия хавфини юзага келтирмайди. Вируснинг 20 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг фақат айримлари инсонларда оғир касаллик чақириши мумкин.
Касаллик асосан Лотин Америкаси давлатларида – Аргентина, Чили ва Бразилияда кўпроқ учраши айтилмоқда. Ҳантавирус одатда кемирувчилар орқали юқади. Инфекция кемирувчиларнинг сийдиги, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган чанг, буюм ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали инсонга ўтиши мумкин.

Касаллик иситма, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушак ва қорин соҳасидаги оғриқлар билан кечиши мумкин. Оғир ҳолатларда эса буйрак етишмовчилиги, юрак-қон томир ҳамда нафас олиш тизими билан боғлиқ асоратлар кузатилиши хабар қилинган.

ССВ маълумотига кўра, ҳозирча ҳантавирусга қарши махсус вакцина ёки алоҳида даволаш протоколи мавжуд эмас. Беморларга асосан симптоматик ва қўллаб-қувватловчи терапия қўлланади.

Мутахассислар аҳолига шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, яшаш ва иш жойларини озода сақлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз шароитда сақлаш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш ҳамда омбор ва ёпиқ хоналарни мунтазам шамоллатиб туришни тавсия қилган.

Шунингдек, эндемик ҳудудларга сафар қилиб келган фуқаролардан бу ҳақда оилавий поликлиникаларга хабар бериш сўралмоқда. Айни вақтда мамлакатдаги 53 та чегара пунктида юқумли касалликларнинг кириб келишини олдини олиш бўйича кучайтирилган санитария назорати олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 12 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус MV Hondiusда вирус тарқалганидан сўнг давлатларни эҳтиёткорликка чақирган эди.