September 17

Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиш хавфи мавжуд — Санэпидқўмита

Россия Федерацияси ва қўшни мамлакатларда ўткир респиратор инфекцияларнинг (ЎРИ) сезиларли мавсумий кўтарилиши фонида авиақатновлар, меҳнат миграцияси, хизмат сафарлари орқали Ўзбекистонга касалликнинг четдан кириб келиши ва тарқалиш хавфи мавжуд. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида ўткир респиратор инфекциялар бўйича эпидемик вазият мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Грипп ва ЎРИ вирусларининг айланишини аниқлаш мақсадида вирусологик тадқиқотлар ўтказилмоқда.
“Санэпидқўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораторияларида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш амалга оширилмоқда. ЎРИ касалланиш кўрсаткичлари эпидемик бўсағадан (кўп йиллик касалланиш кўрсаткичидан) 36,5 фоизга пастлиги кузатилмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, мамлакатда касалланишни ёшма-ёш таҳлил қилинганда энг юқори кўрсаткич 0-1 ёшдаги болалар ўртасида учрамоқда. Ҳозирги вақтда республикада грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик вазият барқарор ва Санэпидқўмита томонидан назоратга олинган.