December 14, 2024

 “Чортут”дан аҳоли мамнун

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатилиши сифат самарадорлигини оширишда жойларда ташкил этилган оилавий шифокорлик пунктларининг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Пастдарғом туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги Чортут оилавий шифокорлик пункти томонидан жорий йилнинг ўн ойи мобайнида эътирофга молик ишлар амалга оширилиб, ҳудуд аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатилишига эришилди.

Ушбу шифокорлик пункти ҳудуддаги 7 833 нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шундан 1 959 нафар туғиш ёшидаги аёллар 109 нафар ҳомиладорлар, 187 нафар 1 ёшгача бўлган болаларнинг саломатлиги доимий равишда мутахассислар назоратида.

- Ўтказилган тиббий хатловлар жараёнида саломатлигига кўра 3-гуруҳ тоифасига киритилган фуқаролар 982 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида уларнинг 261 нафари соғломлаштирилиб иккинчи гуруҳга ўтказилишига эришилди, - дейди шифокорлик пункти бош шифокори Шохсанам Джаббарова. - Шунингдек, 4-гуруҳга мансуб 41 нафар бемордан 7 нафари соғломлаштирилган ҳолда учинчи гуруҳга ўтказилди.

Пунктимизда 4 та тиббий бригадалар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир бригадага 1 нафар оилавий шифокор, 2 нафар патронаж, 1 нафар доя ҳамда 1 нафар амалиётчи ҳамширалар бириктирилган бўлиб, улар ўзларига бириктирилган ҳудудга самарали бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатиб келишмоқда.

Аҳолини соғломлаштириш, аниқланган касалликларни даволаш мақсадида жорий йилни ўтган даврида шифокорлик пункти томонидан 2 нафар беморга республика, 18 нафар беморга вилоят, 311 нафар беморга туман шифохоналарида даволанишлари учун йўлланмалар берилган.

Ҳ. Мамадалиева,

Чортут оилавий шифокорлик пункти катта ҳамшираси