Ўзбекистон Россия ТИВга ҳақоратга учраган ҳайдовчи юзасидан нота юборди
Ўзбекистон Россия ТИВга ўзбекистонлик экани айтилган такси ҳайдовчисининг ҳақоратланиши ортидан нота юборди. Тарқалган видеоларда эркак «Сен русларнинг қулисан, Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ, шунинг учун бизга келгансан», дея бақирганди. Нотада видеодаги шахсга нисбатан қонуний чоралар кўриш сўралган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги август ойида Россияда ўзбекистонлик экани айтилган такси ҳайдовчиси билан боғлиқ ҳолат ортидан Россия ТИВга нота юборди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурхонов.
Қайд этилишича, нотада мазкур видеодаги шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чоралар кўриш сўралган.
«Ҳурматли ватандошлар, сизларга яна бир бор эслатиб ўтамиз. Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар, давлатимиз ҳимоясида ҳисобланади», — дейилади хабарда.
Вазирлик ижтимоий тармоқлар ва ОАВда тарқалаётган маълумотларни мунтазам равишда кузатиб бориши ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўриш мақсадида хорижий мамлакатларнинг ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорлик қилишини эслатиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Москва яқинида жойлашган Химки шаҳридаги турар жой мажмуасида ўрта ёшли эркак такси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалди. Маҳаллий фуқаро ҳайдовчиси: «Сен қулсан, русларнинг қулисан! Оғзингни очма», дея хитоб қилганини эшитиш мумкин.
«Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқ, шунинг учун бизга келгансан. Сен ўз уйингда эмассан, ишлашга келгансан, ишингни қил» дея бақиради эркак. Видео давомида у бир неча марта сўкинган.
Шу билан бирга, такси ҳайдовчиси эркакдан тинчланишни хотиржамлик билан сўрайди, шундан сўнг автомобилга ўтириб, жўнаб кетади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, можаро такси машинасининг турар жой биноси ҳовлисига киришни қисқа вақтга тўсиб қўйганидан бошланган.
ТИВ фуқаролар Ўзбекистон Конституцияси, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига асосан ҳимоя қилинишини таъкидлаганди.
Gazeta Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхановдан юқоридаги ҳолат ва эълон қилинган баёнот бўйича изоҳ сўраганди.
«Бу хабаримиз хориждаги ҳамма фуқароларимиз, жумладан, ўша ҳолатга ҳам тегишли. Ҳозирча [у фуқаронинг] мурожаатини олмаганмиз, мурожаат бўлса, хабар берамиз», — деган ТИВ расмийси.