Фуқаролар мурожаати — оғриқли масала...
Тан олиш керак, 2017-2018 йилларнинг муҳим ислоҳоти Президент портали ва халқ қабулхоналари эди. Мазкур институт самарали ишлаган дастлабки 3 йилда фуқаролар мурожаатлари сони кескин ошди. Ташкил қилинган қисқа рақамлар, ишонч телефонлари кишилар учун қулайлик эди, аммо кейинги бири неча йилда самарадорлик бирмунча пасайди.
Бугун Президент матбуот котибининг янгиликлар лентасида Шавкат Мирзиёевнинг халқ қабулхоналари самарадорлиги ва фуқаролар мурожаатлари масаласи бўйича йиғин ўтказгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳар бир маълумотни синчиклаб ўқидим, ҳукумат сиёсатининг пульсини кўриш мақсадида президентнинг гапларини диққат билан тингладим. Ўзи шу ҳақда ёзмоқчи бўлиб ҳам юргандим.
Президент бугун одамларни қийнаётган масалалар, жумладан, фуқаролар мурожаатлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг кишилар ҳаётига таъсирини рақамларда ифодалаб берди. Ҳар бир муроаатда инсон тақдири ётганини аъёнларга ҳижжалаб тушунтирди. Янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.
Селектор кўпчилик раҳбарлар учун оғир ўтди, деярли мақталган ёки эътироф қилинган амалдор бўлмади. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масаласидаги оғриқли муаммолар таҳлил қилинди. Юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар кимсани президентнинг йиғиндаги нутқини эшитишга чорлардим.
Президент маъмуриятига икки таклифим бор, биринчиси, Халқ қабулхоналари мудирларига фуқаролар мурожаатлари юзасидан давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилиги керак. Бу Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида" ги Қонунида акс этиши керак.
Иккинчи таклифим, Президент Мирзиёвнинг 2017 йилдаги Жамоатчилик палатасини тузиш бўйича ташаббусини яна кун тартибига олиб чиқиш. Чунки ҳозирги кунда жамоатчилик назорати, ижтимоий тармоқлар муаммоларга қарши курашдаги муҳим ричаглардан бири бўлиб қолган. Жамоатчилик палатаси эса жамоатчилик назорати институтининг яловбардори бўлиши мумкин.
Ижтимоий тармоқ фаоли Абдурахмон Ташановнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди