December 9, 2024

Келажак – мактаб остонасидан бошланади

Таълим-тарбия — бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.

Шавкат МИРЗИЁЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда бугун таълим тизими давлат сиёсати даражасидаги асосий масалаларидан бири эканлигини таъкидлаб, соҳани ислоҳ қилиш борасида муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб берган эди. Оқдарё туманидаги 36-умумий ўрта таълим мактабида Президентимиз томонидан соҳа ходимлари олдига қўйилган вазифалар кўлами доирасида иш олиб борилмоқда.

“Барча даражадаги ҳокимлар бир нарсани чуқур англаб етиши керак – бугундан ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги бошланадидея таъкидлаган эди Президентимиз. Мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ишларини олиб бориш ишлари таълим вазирлиги зиммасидан маҳаллий ҳокимликлар зиммасига ўтказилганлиги соҳа ходимларини кўпироқ таълим ва тарбия жараёнлари билан машғул бўлиши, таълим сифатини яхшиланишига имкониятлар яратилди.

Бугунги кунда Оқдарё туманидаги ушбу таълим даргоҳида 262 нафар қишлоқ ёшлари таълим ва тарбия олиб келишмоқда. 22 нафар ўқитувчи ва мураббийлар ўқувчиларни пухта билим олишлари йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келишмоқда. Ўз устида тинимсиз ишлаган 3 нафар ўқитувчи миллий сертификатга эга бўлса 1 нафар ўқитувчи халқаро сертификатни қўлга киритиб, ёш авлодга сифатли таълим ва тарбия бериб келишмоқда.

- Мактабимиз туман марказидан анча олисда жойлашган таълим муассасаси бўлишига қарамасдан ўқувчиларимизга барча имкониятларни яратиб беришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз, - дейди мактаб директорининг ўқув тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Махсуда Мамарасулова. – 1 та замонавий компьютер синфи, оптик толали интернет тармоғи, электрон доска ва 500 дан ортиқ бадиий китоблар фондига эга бўлган кутубхона ўқувчиларимиз ихтиёрида. Қайсидир йўналишга озгина бўлсада қизиқиши, интилиши бор ўқувчиларимиз ўқитувчиларимиз томонидан эътиборга олиниб, билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Бугун биз – устоз ва мураббийлар бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртанги кунимиз бунёдкори эканлигини унутмаслигимиз керак.

Таълим даргоҳида педагоглар томонидан қилинган меҳнатлар самараси мактаб ўқувчилари фан олимпиадаларида ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Ўтган йили мактабни битирган 15 нафар ўқувчидан 6 нафари республикамиздаги нуфузли олий таълим даргоҳларига ўқишга қабул қилинган.

Ўқувчи-ёшларнинг қизиқиши ва интилишларидан келиб чиқиб мактабда 16 та йўналишдаги тўгараклар фаолият кўрсатиб турибди. Бу борада мактаб раҳбарияти туман “Баркамол авлод” болалар мактаби билан доимий алоқаларни йўлга қўйиб, ёш авлодни ўзлари севган соҳалардаги билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келишмоқда.