June 12

Ўзини мухолифат деб атаган партия таксиларни пропискалашни қоралади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида йўналишсиз такси фаолиятига нисбатан жорий этилган чеклов юзасидан аниқ тушунтириш берилишини талаб қилиб Транспорт вазирига сўров юборди.

Фракцияга кўра, мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қатор моддалари, жумладан, 67 ва 42-моддаларига зид келади. Унга мувофиқ, давлат иқтисодий макон бирлигини, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлайди. Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш ҳуқуқлари таъминланиши белгиланган.

Бундан ташқари, йўналишсиз такси фаолияти билан қонуний асосда шуғулланаётган, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ушбу чеклов билан чекланмоқда. Бу эса конституциявий кафолатларга зид ҳолатни юзага келтиради.

Шу боис, фракция Транспорт вазирини ҳукумат соати доирасида парламентга таклиф қилиб, ушбу масала юзасидан депутатлар саволларига жавоб беришини сўрагани маълум қилинди.