Шароф Рашидов тумани ҳокими пора билан қўлга тушди
Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани ҳокимлигининг бош мутахассиси қурилиш соҳасида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбарига туман ҳокимининг тегишли қарори билан “Токчилик” МФЙ ҳудудида умумий ўрта таълим мактаби биносини барпо этиш учун ажратилган 1,7 гектар ер майдонида 8 та кўп қаватли уйлар қурилишига рухсат олиб бериши эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб олиб, 10 минг АҚШ долларини туман ҳокимига бераётганда ушланган. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Ҳозирда Ш.Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан, бош мутахассисга эса Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Боёвут туманидаги бир МЧЖ раҳбарига нисбатан ИИБ Тергов гуруҳи иш юритувидаги Жиноят Кодексининг 168- ва 167-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлламаслик ҳамда кейинчалик ишни гумонланувчи фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраб, олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда прокурор ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 28,211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.