November 26, 2024

Ўзбекистон бўйлаб номаълум хавфли вирус тарқалганми?

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда хавфли вирус тарқалаётгани ва касаллик кўпроқ болаларга таъсир қилиб, уларда пневмонияни келтириб чиқараётганига доир хабарлар тарқалмоқда. Бунга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди. 

Вазирликка кўра юртимизда бундай вирус қайд этилгани йўқ. Санитария–эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков содир бўлаётган жараёнларга изоҳ берди:

"Ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган респиратор касалликлар мавсумий характерга эга, куз-қиш даврида уларнинг кўтарилиши кузатилади ва бундан зинҳор хавотирга тушиш керак эмас.

Одатда ўткир респиратор касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади".

Бу каби патологияларни келтириб чиқарадиган омиллар кўп. Грипп вируси, парагрипп, риновирус, аденовирус, коронавирус шулар жумласидан экани айтилди.

Ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас",– дейди Атабеков.