April 2

Аҳоли мурожаатлари аниқ муддатларда кўриб чиқилади

Энди президент виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар аниқ муддатларда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Президент фармонида белгилаб қўйилган.

Унга кўра, 2026 йил 1 майдан:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар бўйича назорат вақти режими ўрнатилади, бунда кўриб чиқилиши белгиланган муддатдан ўтган мурожаатлар ижро учун автоматик юқори турувчи давлат органига ўтади;
Виртуал қабулхона ахборот тизимида мурожаатларни қабул қилишда улар “шошилинч”, “одатий”, “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларига ажратиш амалиёти йўлга қўйилади, назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни ичида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади;
аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини Қонунчилик палатаси ва Сенатда, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини эса тегишлича Сенатда ёки маҳаллий кенгашларда ҳар чоракда камида 1 марта эшитиб бориш тартиби жорий қилинади;
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда ҳудудда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритади, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларнинг кўриб чиқилишига оид эътирозларни ўрганиб боради ва бу улар фаолиятининг самарадорлиги кўрсаткичларида акс эттирилади.