March 7

Адлия вазирлиги судда ўз ходимига ютқазди, вазирликнинг ғайриқонуний буйруғи бекор қилинди

Адлия вазирининг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси бошлиғи ўринбосарини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи бекор қилинди.  Ходимга етказилган 47 миллион сўмлик маънавий зарар қопланиши белгиланди. Буни тарихий ғалаба дейиш мумкин.

Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов шундай ёзди:

"Судларда иштирок этдим,  бўшатилган ходимга нисбатан Инсон ресурслари бошқармаси вакилларининг муносабатини кўриб ҳайратдан ёқа ушладим. Тизимда 18 йил хизмат қилиб,  бирор марта ҳатто интизомий жазо олмаган ходимни бадном қилишга уринган бошқарма ходимларининг хатти-ҳаракатлари даҳшатли эди. Вазирнинг буйруғини ҳимоя қилиш вазирлик ходимлари  учун эҳтимол  коорпоратив манфаатдир,  аммо одамийлик,  инсонийлик деган туйғулар ҳам борлигини унутмаслик керак эди".


Маълум бўлишича, суд талабига бўйсунмаган Инсон ресурслари бошқармаси раҳбари Шуҳрат Қўчқоров судга келмаган.
Шундан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси А. Худойберганова, ишга тааллуқли барча деталлар асосида, Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосарини ишга тиклаш ҳақида қарор чиқарган.

Шу билан биргаликда, Адлия вазирлигидан ходим фойдасига 47 миллион сўм маънавий зарар суммаси ундирилиши белгиланган.

Мазкур иш учун Тошкент шаҳар меҳнат инспекцияси ходим манфаатида судга даъво аризаси киритган эди.