October 23

Ўзбек алифбосидаги 4 та ҳарф ўзгарди: ҳужжатларни алмаштириш шарт эмас

Ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишлар фуқаролар ва ташкилотлар учун қандай қулайлик яратади? Энг муҳими, янги алифбога ўтиш муносабати билан мавжуд ҳужжатларни қайта расмийлаштириш талаб этиладими?

Фанлар академиясида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига киритилган ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида шу каби саволларга эътибор қаратилди.
Мутахассислар таъкидлашича, янги Қонун миллий алифбони такомиллаштириш, имло қоидаларидаги ноаниқликларни бартараф этиш ва ўзбек тилининг рақамли технологиялар ҳамда компьютер дастурларига мослашувини енгиллаштиришга қаратилган.
«Балки 10 йил, балки 15 йилдан кейин қайсидир ҳужжатимизни алмаштириш муддати келар. Ҳужжатларнинг ўзини алмаштириш муддати келмагунча, уларни қайтадан тайёрлаш мажбурияти йўқ. Ҳеч қандай ҳужжатларга мажбурий тарзда ўзгартиришлар киритилмайди», — деди Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Мақсуд Асадов.
Матбуот анжуманида янгиланган алифбога ўтиш босқичма-босқич ва фуқаролар учун қулай тарзда амалга оширилиши таъкидланди.