Лавровга Самарқанддаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойида рус тилидаги ёзув йўқлиги ёқмади
Самарқанддаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойида гул қўйиш маросими чоғида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров у ерда рус тилида ёзув йўқлигини танқид қилди. Бу ҳақда бир неча рус интернет сайтлари маълумот тарқатди.
«Қарасам, бу ерда инглизча ёзув бор, русчаси кўринмайди. Она — энг муқаддас нарса», — деди Лавров экскурсоводга. Унинг сўзларига гувоҳ сифатида Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этгани айтилмоқда.
Сергей Лавров икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. 23 апрель куни у президент Шавкат Мирзиёев ва Бахтиёр Саидов билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Музокараларда икки томонлама муносабатлар ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига тайёргарлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида Ўзбекистон мустақил давлат ва ўзининг расмий (давлат) тили сифатида ўзбек тили белгилаган. Бу конституциявий меъёр ҳисобланади. Халқ хотирасига бағишланган ёдгорликлар ёки расмий ёзувларда қайси тилда маълумот бериш масаласи — давлатнинг ички сиёсий ва маданий ишидир.
Шунингдек, рус тилида ёзув бўлиши мажбурийлиги ҳақида на халқаро ҳуқуқда, на Ўзбекистон қонунчилигида талаб мавжуд эмас. Ёдгорликда инглиз тилидаги ёзув халқаро меҳмонлар учун умумий қабул қилинган ахборот тилида берилади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг бу ҳолатдан норози бўлиши – дипломатик этикетдан ташқари ва Ўзбекистоннинг давлат тили сиёсатига нисбатан ҳурматсизлик деб баҳоланиши мумкин.