ЙИҒЛАБ ЎҚИЛАДИГАН АСАР ҲАҚИДА
Сийқаси чиқиб кетган, ростлигига шу гапларни ўйлаб топганларнинг ўзи ҳам ишонмайдиган қуйидаги жумлалар билан бошланади асар:
“... Ҳар куни Сталиннинг мана бу гапи «Правда», «Известия», «Комсомольская правда» газеталарида босилади:
«СССР – эрксевар мамлакат. Дунёда унга тенг келадиган давлат ҳам, куч ҳам йўқ. Биз бунга биринчи галда Компартиямизнинг доно сиёсати ва улуғ рус халқининг етакчилигида эришдик.
СССРда барча эл, элат тенг, тинч, тотув, тўкис яшаяпти. Бу дўстликни дунёда ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бузолмайди.
Дўстлигимиз абадий!»”
Ва яна бот-бот радиоларда, газеталарда Америка, Европа давлатлари ҳақида ирқчилик, миллатчилик авж олгани, улар СССРни кўролмаётгани ҳақида "заказ" материаллар бериб борилгани қўшимча қилинади.
Асар ёзувчи тилидан баён этилади.Воқеалар муаллифнинг болалигидаги кўрган ва узоқ вақт айтолмаган дардларидир. Геолог Ҳабиб Абдуллаевнинг(Метронинг ҳозирги “Шаҳристон” бекати шу олим номида аталарди) шогирди Ойнурга шогирд тушиб, у билан бошидан ўтқазган оғир кунлари ҳақида сўзлайди асар.
Ёзувчининг онаси узоқни кўра олган,дунё қараши кенг аёл бўлганлиги боис,ўғлига бот-бот уқтирарди: “Бобонг Аҳмат Оқсоқол элни дегани учун, ҳақни дегани учун дорга остирилган. Тилингга эҳтиёт бўл.Ҳозир одам ортидан одам қўйилган замон. Бутун куч ишлатар ташкилотлари, ОАВ Сталиннинг яроғи. Сталин шулар билан тирик. Лекин бутун эллар зада, дунё зада ундан”.
Воқеалар Боғдан қишлоғи, Учқулоч, Жиззахнинг Фориш ҳудудлари, Қизилқум маконларида бўлиб ўтади. Ойнур ёш Эврил(ёзувчи)нинг иқтидори борлигини сезади.Унга ўша даврнинг ноҳақликлари, Қодирий,Чўлпонларнинг отилишига нима сабаб бўлганлиги, туркий халқларнинг нега парчаланиб кетиши ҳақида тушинчалар бериб, “сен бир куни бу ҳақиқатларни китоб қилиб ёзишинг керак.Одамлар ҳақиқатни билиши керак” дея фикр бериб боради.
Ёзувчи Ойнур тилидан унинг бобоси Эрхон ботир ҳақидаги ривоятни ҳам асарга киритади.Унда Эрхон ботирнинг Туркистонни сақлаб қолиш йўлидаги жасорати, ҳатто Веренскийга қарши жанг қилиб, уни енгиб ерларни қайтиб олиши, шунингдек, Черняев лашкарларини яксон қилиши баён этилади. Эрхон ботир Қўқон хони ва бошқа хонликлардан бирлашишни истаб, бир неча бора илтимос қилишлари бекор кетганликлари, оз сонли қўгин билан Тошкентда 1865 йилда рус босқинчиларига қарши курашда ҳалок бўлиши воқеалари Ойнур томонидан Эврилга айтилган ҳикоя орқали киритилади. Бундан кўринадики, хонликларни парчаланишидан, мамлакат мустақилликка эришгунга қадар бўлган давр воқеалари муаллифни ҳамиша қалбига изтироб солиб келган.У бу воқеаларни "айтиш мумкин бўоган давр" келишини кутиб яшаган ва шукурким, бугун шу асар бизни қўлимизда.
______
Дарвоқе Ёзувчининг ўзи ҳам ноҳақликка чидолмайдиган, ҳақиқат учун курашадиган инсон бўлганлиги боис, ҳаёти жуда кўп синовларга, тўсиқларга дуч келган. Биргина “Ўлмас қоялар” романи 1981 йилда “Шарқ юлдузи”да чоп этилганида,бир кечада журналнинг шу сони йиғилиб йўқ қилингани, ва ёзувчини йўқ қилиш учун Московдан чақириқ келганида Шароф Рашидов уни қутқариб қолгани, шунингдек, салкам 20 йил қамоқда ўтириб чиққани ҳам фикримизни тастиқлайди. Ёзувчи бутвн умр Турон, Туркистонни озод бўлиши учун сўзи билан курашиб яшади. Ҳатто тахаллусида ҳам “Эврил Турон” (асл исми Мамадали Маҳмудов эканлигини биласиз) номи танлади.
_______
Асарга қайтсак. Ойнур Францияга ташрифи чоғида уруш даврида аср тушиб ўша ерда қолиб кетган Ботир исмли ўзбек йигитини учратади.Йигит Ойнурга ўз юрти, болалиги ўтган кўчаларини соғиниши, аммо у ерга қайтолмаслигини, қайтса СССР унга "ватан хоини" тамғасини босиб,ўлдириб юборишини айтади. Сўнг манзили ёзилган қоғоз бериб " менга ўзбекча қўшиқлар, лапарлар ёзилган пластинка юборинг" дея илтимос қилади.Ойнур билан борган делегация буни кўриб қолади ва Ойнурни сиқувга олади. "Сен ким билан гаплашдинг, сенга нима берди. Московга бориб, ҳисоботини берасан.Керак бўлса КГБ шуғулланади сен билан".. Шу воқеадан бошлаб Ойнурнинг ортидан яширинча кузатув бошлади. Ёш ёзувчи ҳар куни у билан ишга бориб келганда, бу воқеаларни нега уюштирилиши, бундан мақсад нималигини англаб боради.Ойгул унга тушунтириб боради.
Яна бир воқеа қишлоқдаги “Маданият уйи”да шу ерлик қари кампирнинг бошқа жойдан кўчиб келган турли миллат томонидан дўббослаш воқеасида Ойнурнинг эгизаги (аслида унга жуда ўхшаш қариндоши) Лола қатнашиб қолади ва кампирни қутқаришга ҳаракат қилади. Бунга келгиндилар сиёсий тус бериб, сиз миллатчилик қиляпсиз дея жанжал катталашади. Ҳатто қурбонлар ҳам бўлади. Олдиндан кўра биладиган Ойнур эса Лолани бошқа жойга жўнатиб юборади ва айбни ўзига олади.(Аслида воқеа бўлганида Ойнур Самарқандда эди.) Ана шундан кейин Ойнур ортдаги жосуслар икки карра ортади,таъқиблар кучаяди. Ойнур воқеа яхшилик билан тугамаслиги билиб, Қозоғистонга кетишлигини айтганида ёзувчи ҳам у билан кетишлигини айтади. Ойнур бу хатарли эканлигини айтиб, "сен тирик қолишинг керак.Чунки, мабодо мени ўлдиришса, бу воқеаларни бир куни вақти келганда келажак авлодга етказишинг керак” дея таъкидлайди.Ёш Эврил ўлим келса ҳам ундан ажралмаслигини айтиб, у билан йўлга отланади. “Ўрол” мотоциклда улар Қозоғистон сари йўлга отланади. Чўллардан, минг азоб билан манзилга яқинлашганда уларнинг ортидан тушган КГБчилар қувиб етишади.
Воқеаларни тўлиқ ёзиб ўтирмайман. Жуда кўп ҳолатлар, хавфли воқеалар бор асарда.Ҳатто ёзувчидан “қулоқ” сифатида фойдаланиш учун тутган найранглар ҳам баён этилган.
Хулоса ўрнида Ойнурнинг қуйидаги илтимосини асл ҳолида келтираман:
“... Менинг бу сўзимни ёдингда тут. Агар мен... мен... мабодо дунёдан ўтгудек бўлсам... бир ёруғ замонлар келса, бу сўзимни эсла... бу сўзимни амалга ошириш учун кураш, элимиз билан бирга кураш! Бир бутун Туркистон учун кураш!
...«Туркистоннинг бир туғишган туб эллари ўз аслига турклигига қайтишлари, бир бутун турк ўлароқ бир турк байроғи остида яшашлари лозим. Шунда тарихий ҳақиқат тикланади.
Агар бошда бунинг иложи бўлмаса, то иложи бўлгунга қадар:
Иқтисодий, Ҳарбий, Пул, Тарих, Адабиёт... Адабий тил бирлиги учун курашмоқ керак.
Аста-секин БИР ЁЗУВ ва яхлит МИЛЛИЙ БИРЛИКка эришиш лозим. Уқдингми, иним?”
Мана Ойнурнинг илтимосига кўра ёзилган асар ҳақида қисқача билиб олдингиз.
Ёзувчининг ўзи ҳам асар якунида шундай ёзади: “Олис бир замонлар Ойнур менга “Кечмишимизни бўямай ёзишингни истайман, Эврил”, — деган эди. Ойнурнинг ҳаёти қандоқ кечган бўлса, уни шундоқ ёздим”.
Ёзувчининг бу асарини ўқиб, қалбига узооқ вақт оғриқ бериб юрган оғриқлар ҳосиласи бу деб билдим. Асар Ойнурнинг илтимосига кўра, ёзувга кўчган буюк асар деб билдим мен.