December 29, 2021

ЧИНГИЗ ОҒАНИ ЭСЛАБ..

Ҳозир Чингиз Айтматовнинг “Асрни қаритган кун” романини яна ўқияпман (Олдинги таржимаси “Асрга татигулик кун” эди. Менга ўша ном ёқарди, очиғи). Ўқияпману, бир мулоҳаза ўтди ичимдан. Сиз-ла баҳам кўрмоқчиман. Айтматов буюк ёзувчи, буни ҳамма тан олади. Европаю, Африка... Жанубий Американинг ёввойи асарларини ўқиб катта бўлганлар ҳам роҳатланиб мутолаа қиладилар. Буни биламан. Бироқ, қирғизлар-чи? Ҳа, қирғиз халқи Чингиз оға билан фахрланади. Унинг номини осмонларга кўтарадилар. Лекин севадиларми, ўзлариники ҳисоблайдиларми? Менимча, жуда эмас.


Негалигини излаб кўраман.


Чингиз Айтматов қирғиз халқининг урф-одатлари, афсоналари асосида кўплаб асарлар ёзган бўлишига қарамай, асосий эътибори жаҳон адабиётини забт этиш бўлгандек туюлади. Унинг асарлари жаҳон адабиётида илдиз отган, миллий қирғиз адабиётида эмас. Эътироз билдиришга шошмай туринг!
Айтматов асарларини ўқиётган китобхон Маркес асарини ҳам осонликча ўқиб кетади. Ва қандайдир уйғунлик топади. Жуда кучли жараён, топилмалар бор. Қирғиз ўғлони тилидан Жанубий Америка ўрмонларининг нафаси келаётганга ўхшайди. Бу ҳам осон эмас. Венесуэлаю Испания урфониятига оид элементларни топгандек бўласиз бу асарларда. Исмлардаги миллият уфуриб турса ҳам, умуминсоний ғоялар силсиласида ёзилган асарлар қирғизларникидан кўра, кўпроқ жаҳонга тегишлидек, Нега шунақа экан-а, деб ўйлардим. Биринчи сабабини топдим.


Чингиз оға асарларини рус тилида ёзганлигини, бу ўринда келтириб ўтиш бироз ҳижолатли бўлар, лекин муҳимлиги учун келтириб ўтаман барибир!
Илк сатрлари рус тилида ёзилган асар, менимча, барибир рус нафасида улғаяди авваламбор. Қирғизча исмлар, қирғизча урфлар асосида кечса ҳам, бошқа тилда ёзилишни бошлаган асар ўша тилнинг руҳиятига боғланиб қолади барибир. Айнан шу жиҳат Айтматов асарларида яққол ва яққол сезилиб келган. Тўғри, бу ҳолатга у яшаган муҳит, шўроларнинг таҳликали тазъйиқлари ҳам таъсир ўтказган. Аммо, барибир ва барибир асар қайси тилда ёзилса, ўша тилликларники бўлиб қолади. Барибир.


Абдулла Қодирий ва Чингиз Айтматовни солиштириб кўрайлик. Айтматов, юқорида айтиб ўтганимиздек, жаҳон адабиётида илдиз отган, жаҳон адабиёти учун ёзган. Қодирий эса ХАЛҚИ, ўз халқи учун ёзган. Халқнинг асл ўғлони бўлган ҳолда, шу халқнинг асл сиймоларини саралаб олиб, шу халқнинг энг эркатой тилида ёзган асарини. Парваришлаб, тилининг учида сақлаб қўйган энг сара сўзларини ишлатиб ёзган. Шу боис ҳам, Қодирийнинг асари ҳақиқий халқ асари бўлиб қолди. Кумушу Отабек, Анвару Раънолар бир асрдан бери ўзбеклар ичида энг кўп қўйилаётган исмга айланди. “Ўткан кунлар”нинг таржимаси барибир бизникичалик бўлмаслигини ҳар битта ўзбек яхши билиб бўлди бугун.
Чингиз оғанинг асарлари Қодирийникига қараганда кўпроқ ва жаҳон адабиёти мезони бўйича салмоқлироқ. Аммо қирғизларнинг миллий руҳониятига кириб кетганми асар қаҳрамонлари? Менимча, Қодирийчалик эмас. Ундоқ бўлмайди ҳам. Нафақат Қодирий, балки жаҳон адабиётининг энг юқори токчасида турган китобларнинг муаллифларида ҳам шу манзара.


Мисол учун, Толстойни русча ўқигим келади. Инглизчани билганимда, Драйзерни ҳам асл тилида ўқирдим. Француз тилини билганимда, ўҳҳў, Мопассанни ўқирдим ўз тилида. Стендалу, Бальзакларни ўша тилда ўқирдим. Нега, биласизми? Ҳа, биласиз – таржимасида кўп нарса йўқолиб кетади. Ўз тилида ёзилган асар барибир беназир бўлади. Бир миллатнинг руҳий ҳолати ифода этган бўлади. Элнинг қалби сўзлайди ўз тилида. Айтматовда эса, афсуски, ундай эмас. Илк қўлёзмаси бошқа тилда бўлдими, тамом, бу асарнинг ичига ўша тилга тегишли бўлган халқнинг руҳияти ҳам кириб кетади. “Асрни қаритган кун”ни ўқияпману, баъзи персонажлар ўрнига русларни ҳам қўйиб кўряпман. Мос келяпти-да, нима қилай?!


Энди мен Чингиз оғанинг не сабабдан асосий эътиборни жаҳон адабиётига қаратганлигини айтиб ўтмоқчи эдим. Бу ўринда қирғиз халқидан узр сўрайман. Қардошларимизга чексиз ҳурматимни сақлаган ҳолда айтаманки, Чингиз Айтматов ўз асарларини жаҳон адабиёти илдизига боғламасликдан бошқа чораси ҳам йўқ эди. Бизда “Алпомиш”ни ҳамма яхши билади. Бунинг энг катта сабабчиси, адабиётимизга ҳақли равишда боғланган бахшиларимиздир.


Улар асрлар давомида бу достонни деярли бир хил айтиб келишган. Қирғизларда эса “Манас” сочилиб кетган, айтилиши элликдан зиёд кўриниш олган достон ҳисобланади. Раҳматли Миртемир домла катта институт қилиши керак бўлган ишни бир ўзлари амалга ошириб кетганлар. “Манас”нинг юзлаб вариантлари ичида энг софини саралаб берганлар. Ҳозирда қирғизлар ҳам бу қўлланмадан фойдаланишлари кўпчиликка сир эмас. Демак, бу ерда биргина ёзувчига боғлиқ бўлмаган сабаблар ҳам бор бўлиб чиқяпти. Айтматовнинг қарорини айнан шу жиҳат билан тўғри тушунамиз.


Чингиз оға ўзининг буюк илмий салоҳиятини жаҳон адабиётида намойиш эта олажаклигини ёшлигиданоқ англаб етган. Халқ адабиёти билан жаҳон саҳнасига чиқа олмаслигини ақлан фаҳмлаган. Тўғри қилган ўша йўлни танлаб.
Энди эса манзара қандай?


Биздаги ҳолат тушунарли: ...Ҳасаналининг феълини ўзбекдан бошқаси тушунмайди-да, азизлар. Юсуфбек ҳожининг “Энди ўғлим...” деб бошланувчи мурожаатини бошқа тилга таржима қилиб бўлмайди-да, ёронлар! Ўз асарларини асл тили бўлмиш ўзбек тилида ўқишга мажбур қилган Қодирийни шу боис ҳам беқиёс севсак керак, деб ўйлайман!!! Отабекни маҳалламизнинг энг кўркам йигитига ўхшатиб юборишимиз ҳам шундан. Кўнгил қўймоқчи бўлганимизни эса Кумушдек бўлишини орзу қилаверамиз-да, узр энди...
... Бу пайтда эса Маркеснинг ўқувчилари Чингиз оғанининг асарларини йиғлаб ўқиётган бўладилар.

© Хайрулла Ҳамидов

© Телеграм: @mutolaa_sehri