Илк туйғулар
У-фф…яна кеч қолди…Уйқучи, ухлаб қолгандир-да. Ҳар куни шу аҳвол. Мен бўлсам дарвозанинг олдида кути-и-иб туравераман. Кутишимни билсаям, барибир вақтида келмайди. Жаҳлимни чиқазишга чиқазиб, яна кўзларини мўлтиратиб тураверади. “Кечий, Юстам, бошқа қимийман” деб. Қаёқда? бошқа қимасмиш, ана, яна кеч қолди-ку!
– Ҳа, Рустам, келмайсанми, нима қилиб турибсан, у ерда?
Оббо, боғча опамла… “Нима қилиб турибсан”миш, нима қилардим, дунёдаги энг уйқучи қизни кутяпманда…
– Ҳозир бораман, Шеторани кутвомман.
– Вой, бу жинқарча-эй, миттигина бўлиб қизларни кутади-я…
Боғча опа ичкарига кириб кетади.
Кутмаям кўрайчи? Кун бўйи қовоғи осилиб юради.
И-э ана, келяптилар уйқучихон, ойижонисини қўлидан ушаволи-иб, қўлини силкитишини-чи! Жаҳлим чиққанини билдириб қўймасам, ҳар куни кеч қолаверади. Қани бир тескари ўгирилиб туриб олай-чи, нима қиларкин.
Ана, орқамдан “чий– чий” қилган товуш эшитиляпти. Уни туфлигидан юрганда шунақа товуш эшитилади. Шунинг учун узоқдан туриб ҳам бемалол билиб олса бўлади, у келаётганини…
– Юста-ам!
Ҳиҳ, эркатой…ҳозир ялинишни бошлайди. Ана, етмадимми?
– Юста-ам, кечий, ухлаб қопман…
Мен индамай туравераман. Мен бу ерда кутиб ўтирибману, бу киши маза қилиб ухлаб ётармиш.
– Кечи-ий, бошқа қимиман! Яна бий майта кеч қосам жинниман!
– Ўзи шундоғам жиннисан!
Кулишиничи…ана, топвоган қилиғи шу, жимжилоғини чўзиб тураверади.
– Яяш-яяш қилилик?!
Кўзларини жовдиратиб туришини-чи, эркатой! Барибир йўқ деёлмаслигимни билади-да!
– Бўпти, – дейман қўлимни чўзиб, - фақат бошқа кеч қомийшан!
– Хўп!
– Отимни тўғри эташан!
– Тўғйи этаману…
– Мани отим Юстаммас, Руштам! Тўғри этармиш…
– Ўзинам Шетоя дийсанку!
Ярамас, бунга гапириб бўларканми? Дарров гап қайтаради. Чўнтагимдан боя дадам билан магазиндан олган нарсамни оламан.
– Вууй, нима у?
Ширинликни роса яхши кўришини биламанда.
– Чупа-чупиш!
– Мангами?
– Ҳм…
– Яхмат Юстам!
Яна Юстам дейдия! Дарров очиб оғзига солиб олади.
Эшик очилиб боғча опам чиқиб келади.
– Ҳа, келдими Шеторанг? Қани юринглар энди, шумтакалар!
“Чупа-чупс”ни шўлпиллатиб сўраётган уйқучини қўлидан тортиб, ичкарига олиб кираман.
Эндиям кеч қолиб кўрсин-чи? Эркатой!
© Лобар Азизхўжаева | @mutolaa_sehri