Шайх Санъон қиссаси
"Одамийлик мулки" асари асосида
(Муҳаббат мавзусидаги энг гўзал қисса)
Дастлаб бу қисса ҳақида қисқача: Қадимдан машҳур бўлган шайх Санъон воқеаси ибрат жиҳатидан жуда муҳимдир. Ўн биринчи - ўн иккинчи асрларда яшаган шайх Санъон (ибн Саққо)нинг оташин севгиси ҳақидаги қисса дунёга машҳурдир. Бадиий адабиётда бу қиссани биринчи бўлиб Фаридиддин Аттор 1221 йилда «Мантиқут-тайр» асарларида назмда берганлар. Биз ҳазрат Алишер Навоий ижод йўлларининг якуни ҳисобланмиш «Лисонут-тайр» достонларининг бугунги тилга мослаштирилган насрий баёнидан фойдаланамиз.
Шайх Санъон даргоҳга етишганлардан бўлиб, кўнгиллари ғайб сирларидан огоҳ эди. Халойиққа тўғри йўл кўрсатувчилардан бири бўлиб, Каъбадаги барча шайхларнинг шайхи эдилар. Бирон бир ғамгин киши ҳаққига дуо қилмоқчи бўлсалар, малоикалар қўл очиб, «омин» дерди. Яқин кишилари ва муридларининг сони тўрт юзтага етар, уларнинг ҳар бири шайхларнинг улуғларидан эди. Агар у зот бир дуо қилсалар борми, ҳатто офат дудидан қорайиб кетган олам ҳам ёришиб кетарди. Тушларида бирор нарса кўрсалар бу воқеа бошдан-оёқ ўнгларида ҳам юз берарди. Шундай бўлдики, бир неча тун давомида бир тушни кетма-кет кўравердилар. Оқибат бу туш сабру қарор ипини узди. Ҳар уйғонганларида ўзларининг бу ҳолларига тавба қилардилар. Ул зотни безовта қилган туш бундай эди: эмишки, Рум мамлакатида сайр қилиб юрармишлар. Энг даҳшатлиси шуки, бир бутхона ичида маст ҳолда турармишлар, мастликдан ўша ибодатхона аҳли каби бутпарастликка юз тутган эмишлар. Сирлар хазинаси бўлмиш Шайх бу ҳолдан ғоят ташвишга тушиб, ўзларига дедиларки:
– Бу балодан сақланиб бўлмайдиганга ўхшайди. Ўша мамлакатни ҳам кўриш керак. Тақдир қаёққа етакласа, ўша томон бориш лозим. Бошимизга нимаики келса, «ё насиб» деб қисматдан кўрамиз.
Шу тарзда ўша юртга боришдан ўзга чора топмадилар. Кета туриб, Каъбага юзларини қўйдилар ва юз ҳаяжон билан видолашмоқ учун уни тавоф қилдилар. Минг ҳасрат билан ҳарам тавофини қилиб бўлгач, Рум иқлими сари йўл олдилар. Тариқат пирига тўрт юз йўл аҳли ҳамроҳ бўлдилар. Йўлда борарканлар ҳалок қилгулик ҳар хил савдолар Шайхнинг кўнгилларига ғулғулалар соларди. Ҳар дам ўзга бир ҳолатга тушар, бу оғир аҳволдан қутулиш чорасини топа олмас эдилар. Ул зотнинг бу ҳолларига дўстлари ҳайрон қолишар, уларнингда ақлу ҳушлари бошларидан учарди. Пирларининг бу ғариб аҳволидан воқиф бўла олмай, «Сизга нима бўлди?» деган саволларига жавоб топа олишмагач, Шайхдан ҳам кўпроқ изтироб чекардилар.
Кўзланган манзилга етишгач, бир бутхонага дуч келдилар. Кўп сирларни ўзига яширган бутхонанинг тоқи осмон гумбазига етар, унинг тошлари ғам ва машаққат тоғидан келтирилган бўлиб, ғиштлари дарду бало тупроғидан ясалган эди. Бино болахонасининг айвончасидан қараб турган фитналар кишиларни ғоят чорасиз ҳолга солардилар-ки, улардан қутулишнинг сира иложи йўқ эди. Бинонинг турли балолар маскан тутган ҳар дарчаси ишқ нуридан ёришиб турар, кунгуралари эса иймонга рахна соларди. Ҳар кунгурага терилган тошлар ишқ тиғидан кесилган бошларга ўхшарди. Бу тошлар дин аҳли бошини учириб юбориш, олам узра тошбўрон қилиш учун мўлжаллангандек эди. Фитна тўдаси юриб ўтадиган дарвозасининг ҳалқа ва занжирлари юз минг найрангдан иборат бўлиб, улар кишиларни савдо ҳалқасига ўраб девона қилар, телбалик занжирига ўраб ташлар эди. Бу бинонинг ичида ишқ ўти ёқилган юзта оташкада бор бўлиб, уларнинг ҳар бирида юз туман савдойилик мавжуд эди. Улардан чиқаётган қора тутунлар бутхона устини худди куфр ва исён зулмати каби қоплаб ётарди. Бу кўҳна дунё шунча айлангани билан бу хил фитнагар бутхонани ҳанузгача кўрмаган эди. Шу бутхонани кўргач, Шайх жисмида ҳарорат кўтарилди, кўнгиллари изтиробдан бетоқат бўла бошлади. Ҳар дам у зотга хасталик юзланиб, кўзлари ўнгида қандайдир ўзга бир олам намоён бўла бошлади. Ҳар томон ошуфтавор қараб юрганларида кўзлари беихтиёр бир тарафга тушди: қаршиларида юзига парда тортган гўзал пайдо бўлди. Бу парда гўё унинг қуёшдек юзини беркитиб турган уфқдаги камалакка ўхшарди. Шу пайт шамол келиб, унинг юзидаги пардани кўтариб юборди ва бу қуёш нури ҳар томонга ёйилиб кетди. Уни қуёш деб атамоқлик ҳам камлик қилур, чунки юз қуёш ҳам унга девона бўлиб, унинг ҳусни шами атрофида парвонадек эди... Жисми гулгун бўлиб, кийган кўйлаги гўё гул узра гул эди. Дин аҳлига қирғин келтирувчи кофирдек қотил кўзидан барча баҳра олишни истарди. Кимки унинг сочи зуннорини хаёл қилса, бу соч унинг дину иймонини поймол этарди. Ҳуснининг шуъласи давронга ўт солса, оташин лаълидан жонга ўт тушарди.
Хуллас, ана шу Тарсо (христиан) қизи бир гўзал шаклда турарди. Бундан Шайх кўнгилларида чақмоқ чақилгандек бўлиб, жонлари шуъла денгизида ғарқ бўлди. Қаттиқ ҳаяжонда «ла ҳавла...» дуосини қайта-қайта такрорлаб, «тавба!» деб ёқа ушладилар. Аммо у қиз ўз рухсорининг шуъласи билан Шайхнинг тавбаю дуосини куйдириб юборди. Шайх ўздан кетиб, тупроққа йиқилаёздилар. Бу дамда қўлларидаги хассалари худди уй устуни каби гавдаларини суяб қолди. Шундан сўнг ҳайратга чўмдилар, ҳаяжоннинг зўридан хассалари ва жисмларига шикаст етиб, ҳолдан кетдилару ерга қуладилар...
Охир-оқибат ул зотнинг тоза жонларига ишқ тушди: қон каби кириб, бутун вужудларини қоплаб олди. Гоҳ беҳол бўлардилар, гоҳ ўзларига келардилар, йўлдошлари эса бу аҳволдан лол қолишарди.
Бу ўринда мозийдан бугунга бир нафасга қайтсак: диққат қилайликки, Шайхни беҳол қилган нарса - унинг қалбидаги Аллоҳга бўлган Ишқ ўрнини Тарсо қизига бўлган маҳлиёлик эгаллай бошлади. Бу ҳам Аллоҳнинг иродаси. Шайхни имтиҳон қилиш баробарида бизларга ҳам бир ўрнакдир. Шайхларнинг улуғи мартабасига етган тақво эгасики вақти келганда шайтон васвасасини - нафсини енга олмадими, бизлар ҳар қадамимизни ўйлаб босишимиз шарт экан. Аллоҳнинг муҳаббатига етишиш осон эмаслигини бир нафас ҳам унутмаслигимиз лозим экан. «Мен намоз ўқияпман, рўза тутяпманми, демак, Аллоҳнинг меҳрини қозондим, шу ҳолимча ўламан ва тўғри жаннатга бораман», деган хаёлда хотиржам юриш эса ножоиз экан. Аллоҳнинг имтиҳони, шайтон билан олишувимиз то жонимиз чиққунига қадар давом этажагини унутмасак янада яхши. Ҳазрат Хожа Аҳмад Яссавийнинг: «Шайтон ғолиб, жон чиқарда шошдим мано...» бежиз эмас...
Яна ривоятга қайтсак: Тун мамлакати кунни қорайтиб, атрофни ўша бутхонадаги куфр зулмати каби қоронғулик қоплади. Шайхнинг бошларига шу тун каби қора қисмат тушган, ул зотнинг тобеъ кишилари ҳам қора мусибат булути билан ўралган эдилар. Уларнинг ҳаммалари ўша муғ дайри (мажусийлар ибодатхонаси) тупроғида, тупроқ эмас, балки балолар тоғида қолдилар. Шайхнинг бошларига тушган қора тунни ҳали ҳеч бир одамзот кўрган эмасди... Тун осмонда бахтсизлик пардаларини ёйди... Осмон кўзларидан юлдузлар сочиб, Шайх аҳволига мотамдан нишон билдирарди... Ишқ Шайхнинг жисм ила жонларига ўт ёққан, куфр дину иймонларига ўт солган эди. Ғариб ҳолларига йиғлаб дедиларким:
-Ҳар дам қайғу-мусибатим ортиб бормоқда. Эй фалак! Менга нелар қилмоқдасан? Тинчлигимни бузиб, ишқ сари бошладинг, ёнар юз ўт ичра мени ташладинг. Кўнглимга аввал равшан қуёшни кўргузиб, кейин уни яширганча, ғам шомига тутқун этдинг! Ғам шомигина эмас, балки осмон бўшлиғидаги яратилиш чеҳрасини қаро қилдинг! Ғам дўзахининг дуди оламни тутиб кетди... Жисмим, аъзойи баданим, сезгиларим ва ақлу ҳушим ишқдан шундай парда ёпиндиларки, гўё уларнинг ҳеч бири мавжуд эмасдек, ишқ зулмидан ҳаммаси нобуд бўлгандек ...бошимни чексиз ғамдан қутқармоқ учун тошга уриб тилка-пора қилмоқликка қувват қани?!
...ўзимни қўлга олишга, ақлдан озишимга тўсқинлик қиладиган ҳуш қани?!
...ишқ тадбирларини айтиб берадиган, вайрон бўлган кўнгулни тинглайдиган ақл қани?!
дардимга чора қиладиган ёки бағрим порасига даво берадиган сабр қани?!
...ҳолим ғамини еювчи кўнгил қани?! Ахир у ҳам ҳозир ўлик сонида-ку!..
...бир нафас ургучалик тағин жон қани?! Кўнгил каби уни ҳам излаб топа олмайман!..
– Менга бу йўл не балолик йўл эди?! Ахир бундан баттарроғи бўлиши мумкин эмас-ку! Умрни бу янглиғ хору зор кўргунча ҳаргиз тирик бўлмаганим яхшироқ эмасмиди?! Бир хатар чақмоғи тушиб, вужудимдан асар қолдирмаса нима қиларди?!
Дўстлар! Менга мадад берсангиз - жам бўлиб мен зорни ўлдирсангиз нимангиз кетарди!..
Тоинки бу олам оримдан, башарият аҳли эса афғону зоримдан қутулсин. Биродарлар, жонимга қатл тиғини уринг! Куйдириб, кулимни ҳар томонга совуринг! Токи жаҳонда бу янглиғ расво бўлмайин! Ҳар дам юз марта ўлгандан кўра бир йўла ўлиб қўя қолганим маъқул!
Шайхнинг бу мусибатли ҳолига дўстлари ҳайрон қолишар, унинг дардидан ҳар дам қон йиғлашар эди. Бу ғамгин ва чорасиз кишиларнинг ҳар бири Шайхга турли маслаҳатлар беришар, аммо Шайх бу пандларни фаҳмламас, нозик сўзлар маъносини ҳам англай олмас эдилар. Улар Шайхга ақл мезони билан хитоб этган бўлсалар, Шайх уларга ишқ йўсинида жавоб қайтарар эдилар:
...бирлари дедилар: -Эй сир аҳлининг пешвоси! Бу балони дафъ этиш учун намоз ўқимоқ шартдир.
Шайх дедилар: -Бу маънида сўз айтма! Мен телбаман, телбага эса ақл ўргатмайдилар.
...бирлари дедилар: -Ўрнингиздан туринг-да, таҳорат ила покланинг ва кишиларни тоат-ибодат этмоққа ишорат қилинг.
Шайх дедилар: – Кўз ёшимдан ўзга сувим йўқ, бағримдан ҳар дам кўзларимга қон ёшлари келадир.
...бирлари дедилар: - Афзали ғусл қилмоқликдир, у кўнгилни пок этишдан ташқари ғамдан ҳам қутқаражак.
Шайх дедилар: - Мен йўқлик денгизида ғарқ бўлдим. Мендан яна нима истайсан?
...бирлари дедилар: - Тасбеҳга машғул бўлинг-да, бу паришон ҳолатдан ўзингизни қутқаринг.
Шайх дедилар: - Тасбеҳимнинг тори узилди, унинг ўрнига зуннор ипини боғладим...
...яна дедилар: -Сафаримиз тамом бўлди, Ватан сари йўлга тушсак дурустроқ бўларди.
жавоб қилдилар: - Эҳсонли Аллоҳ ўзи мурувват кўрсатиб, бу бутхонани менга ҳақиқий ватан этибдир.
...яна дедилар: -Сизнинг аввалги важҳу ҳолатингиз - эътиқодингиз қани? Зуҳд ва ибодатда ўтказган покиза вақтларингиз қани?!
жавоб қилдилар: - Ҳолатим - бутхонада турмоқдан иборат, борди-ю вақту соатим юзта бўлса ҳам ҳаммаси шундайлигича кечарди.
Қавм ўша кечаси юз бор куйина-куйина Шайх аҳволидан изтироб чекди. Улар Шайхга таъналар қилишар, аммо Шайх буларга парво қилмасдилар. Улар Шайхга ўгитлар беришар, аммо ул зот буларни фаҳмламас эдилар.
Эрталабгача бутхонадаги кишилар ғавғо қилиб, дин аҳлининг бу ҳолини томоша қилдилар. Улар дин аҳли расм-русмларини масхара қилиш билан ўз динлари тариқатидан лоф уриб, мақтаниб қўйишарди. Шайх ҳамроҳларининг бахтсизликка дучор бўлганлари бир фожиа бўлса, бутхона аҳлининг бу савдодан севиниши фожиа устига фожиа бўлиб тушмоқда эди.
Бутхона аҳли улар билан диний қоидалар хусусида баҳс юритишганда Шайх ўз қавмларига эътибор бермай, бутхона аҳли ёнини ола бошладилар. Бундай мудҳиш ҳол мусулмонларга кўп малоллик етказди. Тонгда бутпарастлар ўзларининг катта қўнғироқларини чалдилар. Бутхона аҳли Шайх ишқи ва аҳволи ҳақида можаро қўзғаб, миллатига қувват бағишловчи бу ҳолдан шод бўлишарди. Мусулмонларнинг эса бундан ҳижолатлари тобора ошиб бораверди. Бечора Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлдилар. Ошиқу зор, ғариб бир ҳолда кўзларини Тарсо қизи томон тикканча йўл узра юзтубан бўлиб ётавердилар. Кишилар таҳқирлаб, ва масхаралаб босиб ўтсалар ҳам мутлақо парво қилмас эдилар. Чеккан азобларидан ғойибу ҳозирларнинг ҳам, инграшларидан мўъмину кофирларнинг ҳам раҳми келарди. Оқибат шу бўлди-ки, муридлар номусга чидай олмай пирларини ёлғиз ташлаб, турли томонларга тарқаб кетишга мажбур бўлдилар.
Шайхнинг кундуз кунини шу тариқа қаро қилган ва уни дин йўлидан чиқариб, кофирлар бутхонаси ичида расво айлаган ўша оламга ўт солувчи тарсозода эса парда орқасида ошиқу зорига, гирифторига яширинча боқиб турарди. Гарчи у Шайхнинг динига қасд қилиб, унинг жонини талон-тарож этган бўлса-да, ўзини гўлликка солиб, ҳеч нарса билмагандек тутарди.
Бир ой мобайнида Шайхнинг ғам ичида қолган жисмлари тупроқ билан тенг бўлаёзганида ўша золим кофир - ишвагар хулқли гўзал яна ўша жойида кўринди. Нозли ҳусни билан оламга ўт солганича ўз гирифтори ҳолидан хабар олмоқчи бўлиб бу саволни берди:
-Эй Ислом йўлига етакчи, дин ва Ислом аҳлига тўғри йўл кўрсатувчи пир! Сенга Каъба тавофини қилиш ҳунар эди, нечун бутхона эшигида ватан тутдинг?! Сени дин элининг мададкори дейишарди, кофирлар бутхонасига нечун асир бўлдинг? Агар сафар аҳли бирор ерга тушиб, у ерни манзил этса, бир кеча ўша ерда бўлиб, эртасига бошқа ёққа кетади. Сен Шайх эса бир ойдан бери бу ерда туриб, бутхона тупроғини маскан этдинг. Кофирлар бутхонасида яшашдан ва зулмат аҳлидан тилаган мақсадинг нима экан?
Шайх жаҳонни безата оладиган бу жамолни кўриб, жон олгувчи сўзларини эшитгач яна беҳуш бўлдилар. Бутхона аҳли ул зотни ўлди, деб гумон қилди. Куфр аҳли Шайхнинг бошига келиб, унинг ишқига офаринлар айтишди. Бошларини тупроқдан кўтариб қарасаларки, баданларида ҳали жон бор экан. Шайхнинг ишқидан санам ҳолида ҳам ўзгариш юз бериб, ўз ишқи билан қатл этилган Шайх олдига қадам қўйди. Хастанинг димоғи мақсад исини сезгач, гул юзлига қараш учун аста кўз солди. Висол завқи уни ўз ҳолига келтиргач, золим кофир унга шундай савол қилди:
-Биз Шайхдан ҳол-аҳвол сўраб, унинг қандай кайфиятда эканлигини билмоқ учун савол сўраган эдик. Аммо Шайх завқ зўри билан беҳуш бўлди. Энди у яна ўз ҳолига қайтди, саволимизга жавоб берсин.
Шайх сўзларини «Эй кўнглимга қиёмат солган!» деб бошлаб, арзларини баён қилдилар ва сўнгида дедиларки: «Сени дардимдан хабардор айладим. Агар чора қилсанг - сен учун осон, агар қатл қилсанг ҳам жонимнинг ҳаёти бўлади.»
-Эй олий сифатлар эгаси бўлган муршид! Сенда на ҳаё бор экан ва на адаб! Ахир сени «Шайх» деб атайдилар-ку, оқ соқолингдан уялсанг бўлмайдими?! Ёшинг тўқсон билан юзга бориб қолибди. Сени қари деса ҳам, ёш деса ҳам бўлади. Ёш бўлсанг - ҳали ақлинг кирмабди, қари киши эса бу хил сўзларни ўзининг хазон фаслида айтиши ярашмайди...
Шўхи саркаш шу маънода Шайхга дашном бергач, шартларни баён этишга ўтди:
-Агар кимки менинг васлимни таманно айласа, у тўрт ишни бажаришга рози бўлиши шарт: у май ичиши, маст бўлиб зуннор (христианларнинг белга боғлаб юрувчи чилвири мазкур динга тобеъ эканликнинг белгиси сифатида зикр этилади) боғлаши, Қуръонни ўтда куйдириши ва бутпарастлар динига кирмоғи керак. Бу тўрт нарса ишқнинг шарти - шукронасидир. Унинг яна иккита журмонаси (жаримаси) бор. Чунки бу фонийлик тўрт йўли бўлса, яна икки йўл ўша тўртнинг ифноси (фанода бутунлай йўқолиш, ўзини маҳв этиш) демакдир. Улардан дастлабкиси -бир йил давомида чўчқабоқарлик қилиш бўлса, иккинчиси - шу давр мобайнида оташгоҳ ўтининг парвонаси бўлишинг, яъни оташгоҳда ўт ёқишинг лозим... Агар менинг васлимга талабгор бўлиб, ёнингда бўлмоғимни истасанг айтганларимнинг барчасини қабул қилмоқинг шарт. Қурбинг етмаса, эрта кунни кеч қилмасдан йўлингдан қолма!
Ҳушдан айрилган Шайх дедиларки:
-Эй хаста жоним офати! Парирухсор ёр неки амр этса, девона ошиқига не ихтиёр! Нимаики талаб қилсанг, буюравер, чунки сен ҳокимсан! Агар бажармасам, жафо тиғини бўйнимга ур!
Бу сўзлар жафокаш қизга ва бутхона аҳлига маъқул тушиб, бутхона ичини жаннат каби безатдилар. Унинг тўрида осмон баробар юксак тахт ўрнатдилар. Тарсо қизи унга шавқ билан чиқиб келди. Шайхни эса иймонлари юзини қаро қилиш мақсадида тўпланганлар ўртасига олиб кирдилар. Атрофда бутхона қўнғироғи ва арғанун (орган - бутхонадаги чолғу асбоби) овози янграр, гўёким бу Шайх дилида ўлаётган динига мотам куйи эди.
Оламда ҳеч қачон бу янглиғ разил иш бўлган эмасди. Кашишлар (христиан динидаги таркидунё қилганлар) ҳар тарафдан саф тортиб ўтиришарди. Огоҳ муршиддан Қуръонни сўрадилар, оташгоҳдан ўт олиб келиб қўйдилар. Зуннор ва салиб (хоч, яъни христианлар бўйинларига осиб юрадиган крест) муҳайё этилгач, тарсо қизи юз афсун билан ўрнидан турди.
Тахтдан тушиб Шайх олдига келди. Унинг ёнига ўтириб, қадаҳ тўла майни ичди. Сўнг қадаҳни лиммо-лим тўлдириб Шайхга тутди-да деди:
-Охиригача ич, эй олижаноб киши! Билки, бир томчи қолса ҳам ҳисобга ўтмайди! Ишққа берилиш оқибатида айни дамда Ислом ва иймондан чекинган Шайх беихтиёр равишда дилнавоз узатган қадаҳни олиб, майни ичар эканлар, кўзларидан ёш думаларди. Шундай ичдиларки, бошларидан дуд чиқиб, май ўтида бутун борлиқлари кул бўлди. Яна бир неча марта май тутганларидан сўнг ул зотнинг ишқлари ақлларига жабр эта бошлади. Бода ҳушларини янада ўтмас қилиб қўйгач, қизга васлдан муддао изҳор этдилар.
Тарсо қизи эса унга: «Шошилма, сен шартлардан биринигина бажардинг»,- деб куфр элининг олий табақасига ишора қилди. Куфр элининг ишлари соҳасида моҳир бўлмиш бу кишилар Шайх иймонларини куфрга тақдим этдилар ва ул зотни ўз динларига киритдилар. Ул зотнинг хирқаларини ечиб олиб, яланғочладилар, сўнг эса май ҳовузига солиб чўмилтирдилар... Кейин ўз кийимларини кийдирдилар. Шайх бут олдида сажда қилдилар, хирқаларини оловда куйдирдилар ва ниҳоят... Каломуллоҳни ҳам ўтга ташладилар. Гардун ул зотнинг бошига солмаган ҳеч бир расволик қолмади. Улар Шайхга кеча-кундуз май ичириб масхаралайвердилар. Ул зот бир сахар афғон қилиб, фарёд уриб қиздан васл талаб қилганларида у шўх шартни охиригача бажаришни, яъни бир йил давомида кундузлари чўчқа боқиб, тунлари оташхонада ўт ёқишни талаб қилди.
Шайх талабни бажара бошладилар. Тунлари куфр ўтини равшанроқ ёқиш билан вақт ўтказиб, тонгда тўнғизларга рўпара бўлардилар.
Энди ул зотни бу расволик ботқоғида вақтинча қолдирайликда, сўзни Каъба тарафдан тинглайлик:
Шайхнинг бир фоний муриди бўлар эди. Шайх карвонни қаерга бошласалар бу солик (шогирд) ҳам ўша манзилда унга ҳамроҳ бўлгувчи эди. Аммо Шайх Рум сари сафарга чиққанларида у шогирд ўзга мамлакатда эди. Вақтики келиб, у Маккага қайтди. Шайхим атрофида паноҳ истай, деб хонақоҳ томон юзланди. Аммо қарасаки, хонақоҳ хароб, пирининг изи ҳам йўқ. Билсаки, тўрт юз тақводор уятдан ҳар томон тарқаб кетганлар. Шогирд сўраб-суриштириб, бўлган машъум воқеалардан хабар топди. У Шайх муридларининг халифаси бўлгани учун Турли томонларга хабарчи юбориб, тўрт юз тақводорни атрофига тўплади ва улардан яна сўраб-суриштириб пирининг ишқи, май ичгани, зуннор боғлагани, Каломуллоҳни ўтга ташлагани, энди эса ўт ёқиб, чўчқа боқаётганини эшитди. Эшитди-ю, биродарларига хитоб қилди:
-Эй ор-номусни сақлашда тўнғизлардан ҳам баттар бўлган кишилар! Шайх сизнинг пирингиз эдилар, сизлар ул зотга мурид эдингизлар. Пиримизнинг иршодларидан барчага умид нажоти етарди. Фақр аро муридлик қилиш шарти шундай: агар кимки қутлуғ табиатли бўлиб, муршид__бўлса, унинг муридлари ҳам унга ўхшаш бўлишлари керак. Агар у ўзининг яхши-ёмон кунларида нима иш қилса, сиз унга тақлид этишингиз лозим. Сиз вафосизларга фақр тартиби одатлари ҳайф! Сўфийлар киядиган хирқаю ўрайдиган салла ҳам ҳайф! Тинчлик пайти ёлғон лоф уриб, Шайхга содиқлигингизни исбот этишга тиришгансиз. Бошларига оғир иш тушганда эса ўзингизни ул зотдан нари тортасиз. Шайхингизга бевафолик қилиб, бутхонага ташлаб келибсиз. Худодан қўрқмай, элдан уялмай шайхимизни ёлғиз қолдириб қайтибсиз. Шу сифат билан яна ўзингизни яхши фикрли, тўғри иш тутувчи деб ҳисоблайсиз, бир-бирингизни яна «дарвиш» деб ҳам атайсиз. Зуҳду тасбеҳу ридонгиздан уят сизга! Кавуш, салла ва ҳассангиздан уят сизга! Агар Шайх итбоқарлик қилиб, бир неча ит парвариш этганларида эди, унга чархдан бу янглиғ жафо етган пайтда итларидан вафо кўрган бўлмасмидилар?! Ахир улардан баъзилари йўқолиб кетса, баъзиси қолар, унинг атрофида жилмасдан турар эди-ку! Унинг мухолифлари билан гоҳ уришиб, гоҳ эса унинг мотамида улишар эди! Агар инсондан вафо йироқ бўлса, вафо бобида ундай кишидан ит яхшироқдир. Бордию сизларда мардоналик, ихлос даъвоси ичра оқиллик, донолик бор бўлса эди шайхимиз бошларига бу янглиғ бало тушганда, яъни у биров ишқига мубтало бўлиб, ўзини ҳар жафога дучор этганида сиз вафо билан турмоғингиз шарт эди. Аммо барчангизда унга ҳамдардлик қилишдан ўзни четга тортиш зоҳир бўлиб, фақр ичра юз номардлик кўрсатдингиз. Киши «эрман» деб лоф ургани билан эр бўла оладими?
Жонга озиқ бағишловчи шогирд шу тарздаги сўзларни айта турсин, биз бугунги кунимизга қайтайлик:
Мусулмон биродаримиз бошига бир иш тушса ёинки бузуқ йўлга кириб кетса, биз буни кўра-била туриб ўзимизни қандай тутамиз? Кўпинча индамай кузатамиз. Нари борса «ундай қилма» деган мазмунда озгина панд-насиҳат қиламиз. Айримларимиз эса биродаримизнинг бузуқлик ботқоғига ботаётганини кўриб, «баттар бўлсин!» - деб қувонамиз ҳам. Шогирднинг сўзларини бу ўринда биз атайин бўлдик. Сиз ҳам бир оз сукут сақлаб ўйланг. Эҳтимол биродарга вафо бобида қусурларимиз бордир. У ҳолда шогирднинг неча юз йил аввал айтган гаплари бизларга ҳам тегишли, бизлар учун ҳам ибратдир.
Шу ўринда ҳазрати Шайх Абу Саид Харрознинг (қуддиса сирруҳу) сўзларини эслаш фойдалидир: «Тушимда кўрдим, икки фаришта самодан тушди ва мендан «Сидқ нимадир?» - деб сўради. Мен: «Аҳдга вафодир»,-дедим. Иккиси ҳам «Садақта» (Рост айтдинг),-деди ва осмонга қайтди.»
Шогирд биродарларини койигач, «Бир ерда ўтириш билан иш битмайди», дея ўрнидан туриб Рум сари, дин ва иймонни ёндирувчи ўша манзил томон йўлга чиқди. Жамоат унга эргашди. Чўлу биёбонларни босиб ўтиб, чўчқабоқар Шайх манзилига етиб бордилар. Шайхда на Ислом, на иймон маслагидан асар қолган, на ақл, на зуҳду тақво андишасидан нишон қолган эди.
Шайх шогирдларини танимай, улардан юзларини тескари бурдилар, чўчқалар тўдаси юрган томонга қарадилар. Сўфийлик йўлини тутувчи солик бу ҳолни кўргач, шайхи учун кўнгли бузилиб оҳ урди. Сўнг шаҳарга қайтиб, бутхона бошлиғини топди ва мақсадини айтди. Кейин ибодатга берилиб, кеча-кундуз илтижо ёшларини тўка бошлади. Изтироб билан кўп-кўп дуолар қилди ва ниҳоят Аллоҳ унинг дуосини қабул этди...
Тонг шамоли мушк ҳид таратиб эса бошлади. Худо фарзини тўғри адо келтириб, саждадан узоқ вақт бош кўтармади. Сўнг асҳоблари ҳамроҳлигида Шайх томон йўлга тушдилар.
Бу пайтда Шайхдан ҳам гумроҳлик дафъ бўлиб, ул зотга ғойибдан огоҳлик етган эди. Кофирлар кийимини ташлаб, белларига боғланган зуннорни узиб ташлаган эдилар. Кўзлари ҳижолат ёшларини ошкор этиб, оҳу надомат алангаси авжда эди.
Шогирдлар келишгач, Шайх кўнгилларига улуғлик етишди. Ҳазор-ҳазор шукрлар айтишиб, шодмон бўлишди. Шайх ғусл қилиб, хирқа кийгач, барчалари Каъба сари йўлга чиқдилар.
Улар йўлда бора турсинлар, биз тарсо қизи сари қайтайлик:
У пари ноз уйқуда ётар экан, бир туш кўрди. Тушида қуёш осмондан пастга тушиб, Исодан (алайҳиссалом) шундай хабар етказди:
-Эй вафо бобида хому норасо! Замона аҳлининг муршиди бўлган Шайх Санъон сенинг бутхонангга меҳмон бўлиб келди. Аммо сен мезбонлик одатини билмасдан, меҳмоннинг бошига не кунларни солмадинг?! Ҳозир у бутхона меҳмонлигини тарк этиб, мезбонлик қилиш учун Каъбага йўл олди. Унинг орқасидан етиб, динига мушарраф бўл, ундан кечирим сўраб, унинг жуфти ҳалоли бўл!
Ғайридин қиз Шайх оёғининг изи бўлишни истаган ҳолда уйқудан уйғонди. Қилган ишлари ёдига тушиб, ношод кўнглига ўтлар туташди. Оҳ урганича ўрнидан туриб, Каъба эҳроми сари йўлга тушди. У зор йиғлаб борар, кўзларидан осмондаги юлдузлар каби ёшлар тўкиларди. У Шайх томон худди ел учирган тоза гул барги янглиғ тез юриб борар эди. Чарх эса қилган ишлари учун кинакашлик кўрсатмоқда эди. Айниқса, бу кинакашликнинг биёбон ичра шиддати ҳаддан ошиб, қизни ваҳима, қўрқув ва ҳайрат босиб кела бошлади. Унга бу ниҳоясиз чўлу биёбонда касаллик ва ожизлик юзланди. У Яратганга ёлборди:
-Ё Раббим! Ожизу саргашта бир ҳолда кўз ва кўнглим қонига беланганман. Заифу бечорадурман, раҳм қил! Бекасу оворадурман, раҳм қил! Гарчи менинг гуноҳ ва жиноятдан ўзга нарсам йўқ бўлса-да, сендан бошқа паноҳим ҳам йўқдир!
Кимсасиз ва чорасиз қиз ўз ҳолига зор-зор йиғлади. Уқубат шунчалик ўз кучини кўрсатди-ки, ҳолсизланиб, тупроққа юзтубан тушди. Ҳушидан кетди. Тупроғ устида хору дарднок бўлиб ётиб қолди.
Юқори мартабали Шайхга бу ҳодиса кашф бўлди. Наинки ул зот, ҳамроҳлик қилаётган муридлари ҳам бу синоатдан хабар топдилар. Шайх улар ҳамроҳлигида изларига қайтдилар. Сарвиноз ётиб қолган ерга етиб келишгач, Шайх унинг ҳушсиз бошини қўйинларига олдилар. Қиз ўзига келиб, Шайхни кўргач, хасрат ёшларини тўка бошлади. Заифликдан унинг ноласи оғзидан билинар-билинмас чиқар, юзи узра бағридан сизғиган парча-парча қонлар оқар эди.
-Эй шиори тақво ва паноҳи дин бўлган киши! Сиздан қайси тил билан кечирим сўрай оламан?! Агар менга шум бахтим бебош болалардек тош отса ҳам бошимга сиз каби олий дарахт соя солиб турибди. Гарчи гуноҳим ҳаддан ташқари кўп бўлса-да, сиздаги лутфу эҳсон ундан ҳам ортиқроқдир. Қилган беадабликларимни билиб, сизнинг узрингизни истаб, қора юз билан ҳузурингизга келдим. Ўша пайтда нимаики ёмон иш қилган бўлсам, булар менинг ўзимнинг ёмонлигим, юртим ва динимнинг ёмонлиги туфайлидир. Ҳузурингизда яна анча сирлар айтмоқчи эдим, аммо умр ошиқиб шошилмоқда, фурсат эса ниҳоятда оз...
Шу тахлит у ўзининг Ислом динига бўлган шавқини баён этиб, Исо алайҳиссалом айтган нишоналарни бирма-бир баён қилди ва ниҳоят дедиким:
-Пойма-пой сўзларимни шу ерда тугатаман. Тезроқ иймонимни келтиринг, бир нафаслик вақтим қолди.Шайх юзига кўз ёшларини оқизиб, тарсо қизига иймон арз этди. Қиз иймонга ошно бўлгач, оҳ урганча ўз жонини топширди.
Алқисса, Шайх қизни ишқ айвонида дафн этиб, дин ва иймон аҳли гўристонига қўйгач, Каъбага қайтдилар. Аллоҳга ўтмишдаги ишларидан узр сўраб, арз қилдилар ва ниҳоят узрлари қабул бўлиб, қазо ул зотни ўз ёрларига қўшди...
ҚИССАДАН ҲИССА: Эркак ва аёл орасидаги ишқнинг беқарорлиги хусусида ҳаётда кўп мисолларга дуч келганмиз. Бугун «севамано севаман, сенсиз менга дунё қоронғу!» деб оҳ-воҳ қилиб юрганлар эртага қарасангиз «бетинг қурсин!» деб бир-бирига тескари қарайди. Баъзан эса оила бузилади. Ишқнинг бу каби беқарорлиги бизни унчалик ажаблантирмайди. Аммо Аллоҳнинг Ишқидан юз ўгиришни фожиа деб биламиз. Албатта валийлар ёки уларнинг муридларига хос бўлган Ишқ мартабаси ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Чунки ҳар бир одамнинг зеҳни, тоқати, қобилияти ҳар хил. Агар бир хилда бўлганида эди, барча бараварига ҳофизи Қуръон, валийуллоҳ даражасига етар эди.