April 25, 2020

XX асрнинг имом Бухорийси

Алихонтўра Соғуний ҳазратлари миллат илму маърифати йўлида буюк ишларни амалга оширган ватандошимиздир. Ул зот муқаддас динмиз йўлидаги хизматлари учун “XX асрнинг Имом Бухорийси” дея эътироф этилган. Алихонтўра Соғуний фақат ислом тарихи ва фалсафасинигина эмас, Туркистон тарихини мукаммал ўрганган, мантиқ, адабиёт, санъат, тиббиёт сохаларини чуқур билувчи мутахассис ҳам эди. Алихонтўра Соғуний 1885 йил Туркистоннинг Тўқмоқ шаҳрида ўзбек оиласида туғилган. Отаси Шокирхўжа эшон Нақшбандия тариқатига мансуб уламо эди. Алихонтўра дастлаб Бухорода, сўнг акаси Олимхонтўра билан Арабистонда таҳсил олади. Ёшлик чоғларида “Қутадғу билиг” асарининг муаллифи Юсуф Хос Ҳожиб қабрини зиёрат қилиш учун Боласоғунга боради ва адиб яшаб ўтган шаҳар номини ўзига таҳаллус қилиб олади. Ғайрат камарини белига боғлаб илм олади ва ўз замонасининг етук алломаси бўлиб етишади. Мустабид тузум томонидан мусулмонларнинг озодлиги хусусидаги ташаббуслари туфайли таъқиб қилинган Алихонтўра 1930- йилда оиласи билан Хитойдан паноҳ топади. 37-йиллар қатағони балоси Алихонтўрани ҳам четлаб ўтмайди. Набираси Баҳманёр Шокирнинг ёзишича, бобоси 1937 -йилда умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинади. 1941- йилда Аллоҳнинг марҳамати билан жазодан озод бўлади. 1944- йилда қуролли қўзғалон натижасида барпо этилган “Озод Шарқий Туркистон” жумҳуриятининг биринчи президенти этиб сайланади. Бу ҳаракат советлар тамонидан қаттиқ қаршиликка учрайди. Алихонтўра сиёсий фаолиятидан воз кечиб, ўз умрини илму фанга бағишлайди ва Тошкентда яшаб қолади. Озод Шарафиддиновнинг ёзишича, Шўро хукумати бундай атоқли сиймони ўз томонига оғдириб олишдан, уни ўз тарғиботчисига айлантиришдан манфаатдор эди. Шунинг учун унга умрбод нафақа тайинламоқчи, уй-жой билан таъминламоқчи, Фанлар академиясига сайлашмоқчи бўлишади. Бироқ Большевиклар яратган тузумнинг асл башарасини ўша пайтдаёқ кўра олган Алихонтўра буларни рад этади ва ўз ҳур фикрини сақлаб қолади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Балою офат, ғурбат ва мусибатларнинг энг қаттиғи бу дунёда пайғамбарларга, сўнг уларнинг хайрли ишларини давом эттирувчи уламоларга, сўнг шуларга ўхшаш солиҳ кишилар бошига келиши муқарардир” деган ҳадиси шарифини ўз руҳу танига сингдирган Алихонтўра Соғуний қанча жабру ситам кўрса ҳам сира ҳам шикоят қилмаган экан. Аллома Тошкентда ўтказган сўнгги ўттиз йиллик ижодий фаолияти давомида баракали ижод қилди. Венгер олими Херман Вамберининг “Бухоро ёҳуд Моварауннаҳр тарихи”, Аҳмад Донишнинг “Наводир ул- вақое”, Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа” рисоласини форс тилидан таржима қилди. Айниқса, 1967 йилда “Темур тузуклари” асарини таржима қилиб, “Гулистон” журналида эълон қилдирганларида маънавий ҳаётимизда чинакам инқилоб содир бўлади. Бироқ бу асарнинг чоп этилиши Алихонтўрага ҳам, журнал раҳбариятига ҳам қимматга тушади. Уларнинг бошида “қонхўр Темурни идеаллаштиряпсан” деган айблов билан калтак синади. Журнал бош муҳаррири ва кўплаб масъуллар ишдан олинади. Алихонтўра Соғунийнинг ана шундай таҳликали даврларда ҳам бундай асарни таржима этмоққа жазм этиши чинакам жасоратдир.

Алихонтўра чинакам ватанпарвар инсон бўлган унинг “Туркистон қайғуси” асарида ватанни, миллатни, динни қандай асрамоқ лозимлиги хусусида сўз юритилади. Алихонтўра Соғуний тиб илмидан ҳам яхши хабардор бўлган. У ҳатто саратон касаллигининг муолажасини ҳам билган. Унинг “Шифо -ул илал” (“Иллатлар шифоси”) асарида икки юзга яқин касалликлар баёни ва уни даволаш усуллари баён қилинган. Шу ўринда Алихонтўра Соғунийнинг набираси Бахманёртўра Шокиров хотирлаган бир воқеани эслаб ўтишни жоиз деб ўйлаймиз. ТошМИнинг бир профессори Алихонтўра ҳузурига қадимги бир қўлёзмани кўтариб келади. Уни ўқишга ҳеч кимнинг тиши ўтмаётган экан. Алихонтўра 300 йил аввал форс тилида ёзилган бу қўлёзма тиббиётга оид эканини айтиб, уни дарҳол арабчага ва ўзбек тилига ўгиради. Профессор дарҳол тақриз ёзиб, асарни у ер-бу ерини “тузатган” киши бўлиб, ўз номидан нашр эттиради. Бу воқеадан хабардор шогирдлари “Анави профессор қўлёзмани каттагина брашюра қилиб, ўз номидан чиқарибди, Сизнинг номингизни ҳатто тилга ҳам олмабди”, деганида Алихонтўра Соғуний хурсанд бўлиб: “Ҳа, баракалла, китоб қилибдими, а? неча минг дона китоб қилиб босибди? Халқ ўқийдиган бўлибди-да, барака топсин!” деган эканлар.

“Тарихи Муҳаммадий” асарини яратилиши, шубҳасиз, Алихонтўра Соғунийнинг дини ислом йўлидаги буюк хизматларидан биридир. Ҳазрат бу асарни яратишдан муродини қуйдагича изоҳлайди: “Яқин минг уч юз йил исломиятда ўтган Бухоро, Самарқанд, Фарғона, буткул Туркистон болалари шу кунларда мусулмончиликдан “Бисмиллаҳ”ни ҳам билмай қолдилар. Оғизда бўлса ҳам иймон калимасини ўқишдан ажрадилар. Ер устига тарқалмоқда бўлган динсиз комунистик ҳокимиятга биринчи қадамдаёқ ватанлари, динлари, ўзлари қурбон бўлди... Қуръонинг хати, исломнинг номигина қолади деган Расуллоҳнинг сўзларича шу кунгача узилмай келаётган Исломнинг қуруқ номи ҳам энди унутилишга яқинлашди. Мана шундай оғир бир даврда мен бу қутлуғ китобни ёзишга киришдим”. Араб, форс, турк тилларида яратилган бу каби асарлардан фарқли равишда “Тарихи Муҳаммадий” ислом дини ва Муҳаммад (с.а.в) тарихига оид ишончли манбаларга таяниб ёзилган. Асар сўзбошисида муаллиф ҳар бир мумулмон фарзанди тўрт нарсани билиши лозимлигини таъкидлайди.

Булар:

  • Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарихлари.
  • Қуръони карим тарихи.
  • Дини ислом тарихи
  • Каъбатуллоҳ тарихи.

Алихонтўра Соғуний ватандошларимизга енгиллик истаб, саводли, саводсиз ҳар турли кишига тушунарли бўлин дея арабий, форсий сўзларни аралаштирмай, соф туркийчада ёзган. Асар 20 йил давомида ёзилган. Таҳликали даврларда келажак авлодга етказиш учун бу қутлуғ асар кўп йиллар ер остида, ун қопларида сақланган. Тириклик чоғида ўз авлодларига келгуси замонларда имконият топишлари билан “Тарихи Муҳаммадий”ни беш-ўн минг нусҳада нашр эттириб, халқимизга етказишни васият қилиб қолдирганлар. Китоб хотимасида Алихонтўра Соғуний ватандошларимиз ибрат кўзларини очиб, ҳар йили бу китобни бир карра ўқиб чиқишни вазифа қилишлари кераклигини айтади “Иншааллоҳ, китоб хатм бўлган чоғда қилган дуолари Худо даргоҳида мақбулдир”. Бунга сабаб эса, китобда Бадр жангида қатнашган 360 ғозийларнинг муборак исми –шарифлари ёзилган. Шу боис китобни ўқигувчининг дуолари ижобат бўлиб, офат-балолардан омонда бўлади. Муаллиф бу ҳақида ишончли манбаларда айтиб ўтилганини ёзади. Мухтасар қилиб айтганда, “Тарихий Муҳаммадий” халқимизни динсизлик балосидан қутқарувчи, адашганларга тўғри йўлни кўрсатувчи асардир.

© Дилдора Азимова (Баҳриддинова) | @mutolaa_sehri